Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўзбекистон республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 28 июлдаги 25-қ/қ, 5-хх-сон “Миллий баҳолаш тизими мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар, таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотлар, халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхати ҳамда ҳар ойлик устама олиш учун уларнинг энг кам даражасини белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тасдиқланди. Унга кўра:
– Миллий баҳолаш тизими мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар рўйхати;
– таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотлар рўйхати;
– халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхати тасдиқланди.
Қуйидаги ҳолларда аниқланганда сертификатлар учун устамалар тўлаб берилмайди:
– верификация ёки сертификат беришга ваколатли (хорижий ёки миллий) ташкилотга юборилган сўров натижасига кўра сертификатнинг ҳақиқий эмаслиги аниқланганда;
– ваколатли (хорижий ёки миллий) ташкилотга юборилган сўровга жавоб олинмаганда ёки сертификатда кўрсатилган имтиҳон натижасининг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги тасдиқланмаганда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2022-йил 29-июлдаги 34қ/қ ва 15-хх-сон “Миллий баҳолаш тизими мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар, таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотлар, халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхати ҳамда ҳар ойлик устама олиш учун уларнинг энг кам даражасини белгилаш тўғрисида”ги қарори 1-августдан ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
2023-йил 28-июлдаги 25-қ/қ, 5-хх-сонли қўшма қарорга асосан қуйидаги сертификатлар қўшилди:
– Teaching English as a Foreign Language (TEFL);
– Teaching English as a Second Language (TESL);
– SAT subject score (matematika, fizika, biologiya, kimyo);
– A levels (informatika);
– Astrum Certified IT Educator (Informatika);
– Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга ошириладиган умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш ва билим даражасини аниқлаш сертификати (Тарих);
– Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга ошириладиган умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш ва билим даражасини аниқлаш сертификати (География);
– Бошланғич таълим ўқитувчилари учун (Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга ошириладиган умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш ва билим даражасини аниқлаш сертификати (математика ва она тили).
2023 йил 28 июлдаги 25-қ/қ, 5-хх-сонли қўшма қарорга асосан қуйидаги сертификатлар рўйхатдан чиқарилди (13 та):
– Test of English for International Communication (TOEIC);
– A.Avloniy nomidagi milliy-tatqiqot instituti tomonidan Pedagog kadrlarning umumtaʼlim fanlari boʻyicha bilim darajasi;
– Google for Education;
– ISTE Certification;
– Leading Edge Certifications;
– British Council APTIS;
– Linguaskill (тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзиш, гапириш кўникмасини ўз ичига олган бўлиши керак);
– CELT-P (Certificate in English Language Teaching-Primary);
– CELT-S (Certificate in English Language Teaching-Secondary);
– International Test of English Proficiency (iTEP);
– Certificate of Proficiency in English (C2 Proficiency);
– Teachers of Chinese to Speakers of Foreign Languages (TCSOL);
– Sejong Korean Language Assessment (SKA).
Шунингдек, Халқаро сертификатлар устунидаги GRE сертификатидаги баллар тақсимотидаги ўзгариш янгиланди. Унга кўра GRE (Quantitative Reasoning) сертификати бўйича 2011 йилда имтиҳон жараёнлари қайта такомиллаштирилган ва олдинги устама олиш учун белгиланган энг кам 695 балл 155 баллга тенглаштирилган. 2022 йил 29 июлдаги 34қ/қ, 15-хх-сонли қўшма қарорда эски таҳрирдаги балл тасдиқланган. GRE (Quantitative Reasoning) сертификатида 155 баллга тенглаштирилган ўзгариш математика, физика, биология ва кимё фанларига ҳам тегишли.
Мазкур қарор кучга киргунга қадар, 2022 йил 29 июлдаги 34-қ/қ, 15-хх сонли қўшма қарорда келтирилган халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатларга эга педагог ходимларнинг устамалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларга қадар сақланиб қолинади.