Республикамиздаги 14 та Президент мактаблари битирувчилари учун “Янги Ўзбекистон ёшлари” номли тантанали битирув кечаси ташкил этилди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова иштирок этиб, ўқувчиларни самимий табриклади:
- Бугунги тадбирни сўнгги қўнғироқ эмас, балки олдиндаги марралар томон биринчи қадам деб ҳисобланг. Доимо энг юксак чўққиларни кўзланг, улкан мақсадларга интилинг! Парвозингиз ҳамиша баланд бўлсин!
Маълумот ўрнида, 14 та Президент мактаби битирувчилари учун ташкил этилган маданий тадбирлар аввалида“МЕҲР” талабалар театр студияси томонидан "Усмон Носир" номли саҳна асари намойиш этилди.
Шунингдек, Президент мактаблари битирувчилари “Янги Ўзбекистон” университети, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” давлат музейи экспозицияларида бўлишди.