Сайт тест режимида ишламоқда

Мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш бўйича муҳим вазифалар муҳокама қилинди

22 май 2023 йил
image

Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини ташкил этиш ва бу борада олиб борилиши зарур бўлган ишлар таҳлилига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари, Ўзбекистон Аутсорсинг хизматлари кўрсатувчи корхоналар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси масъул ходимлари ва уларнинг ҳудудий вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 472-сонли қарорига асосан, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мазкур ҳудудлардаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминлаб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу тажриба 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳар ва барча вилоят мактабларида ҳам жорий этилиши белгиланган.

Кўргазмали семинар давомида ўтган вақт давомида амалга оширилган ишлар, мавзуга доир муҳим жиҳатлар хусусида иштирокчиларга атрофлича маълумот бериб ўтилди. Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бу борада белгиланган вазифалар ижросига доир муҳим вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Бу каби семинар тадбирлари Хоразм вилоятида ҳам бўлиб ўтди. Унда иштирокчиларга вилоятнинг Хонқа туманида кейтеринг хизмати билан шуғулланаётган “Xonqa diyor” ва “Smart meat shop” МЧЖ тадбиркорларининг бу борадаги иш фаолияти намойиш этилди. Сўнг тумандаги 35-сонли умумий ўрта таълим мактаби мисолида маҳсулотларни қабул қилиш ва тарқатиш бўйича семинар қатнашчиларига зарур тавсиялар берилди.

Тадбирда мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат беришни йўлга қўйиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий асослар ва уларни бажарилишга доир мутахассислар фикри тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu