Хабар қилинганидек, жорий йилнинг 20 июль куни Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов иштирокида ўтказилган фуқаролар қабули давомида Андижон вилояти, Пахтаобод туманидаги 13-мактаб спорт майдонининг ноқонуний аукционга қўйилиши билан боғлиқ масала кўриб чиқилган эди. Вазир топшириғига кўра мазкур муаммони олдини олиш бўйича шу куннинг ўзида зарур чоралар кўрилди.
Халқ таълим вазирлигининг расмий ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълон қилинган ушбу хабар ортидан юртдошларимиз томонидан бошқа ҳудудларда жойлашган мактаблар биноси ёки унга туташ майдонлар билан боғлиқ муаммолар ҳам билдирилди.
Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев бошчилигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур мурожаатлар асосида кечанинг ўзида Фарғона вилоятида ўрганиш ишлари олиб борилди ва муаммоларга қонуний ечим топилди.
Хусусан, Бувайда туманидаги Хорижий тилларга ихтисослашган мактабда олиб борилган ўрганишлар давомида қуйидагилар аниқланди.
Мазкур ихтисослашган мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июндаги тегишли йиғилиш баёни ҳамда Фарғона вилояти ҳокимининг қарорига асосан Бувайда тумани Педагогика коллежи негизида ташкил этилган.
Айни вақтда ушбу мактаб Мактабгача таълим тасарруфидаги қатор таълим муассасалари жойлашган бинода фаолият олиб бормоқда. Мактаб раҳбари Раҳима Қўрғонова билан суҳбат асносида зарур таклифлар ўртага ташланди. “Япония тажрибаси” лойиҳасига киритиш бўйича тегишли таклифлар билдирилди. Бинонинг ушбу мактаб жойлашган қисмини алоҳида ҳужжатлаштирган ҳолда Бувайда туманидаги Хорижий тилларга ихтисослашган мактаб ихтиёрига ўтказиш бўйича тегишли чоралар кўриладиган бўлди.
Хусусан, бино масаласида Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари билан олиб борилган мулоқот давомида тасарруфида бўлган бинони мактабга қайтариш бўйича амалий чоралар кўриш бўйича келишиб олинди.
Бувайда туманидаги 42-мактабга қарашли спорт майдонининг аукцион савдога қўйилганлиги билан боғлиқ мурожаат ҳам масъуллар иштирокида ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида 2000 йилда мактаб ҳудудидан ташқарида жойлашган стадион майдони туман ҳокимлиги томонидан мактаб ихтиёрига фойдаланиш учун берилганлиги, аммо 2019 йилда кадастр ҳужжатларини қайта расмийлаштириш вақтида мазкур ер майдони шу вақтга қадар ҳокимлик балансида қолганлиги аниқланган.
Ҳозирда туман ҳокимлигига тегишли сўров юбориш орқали ушбу стадион майдонини Бувайда туманидаги 42-мактаб тасарруфига ўтказиш ҳамда кадастр ҳужжатларига ўрнатилган тартибда ўзгартиришлар киритиш юзасидан Бувайда туман Халқ таълими бўлими ҳамда ҳамда мактаб раҳбариятига зарур топшириқлар берилди.
Шунингдек, ҳудудда олиб борилган ўрганишлар давомида Бувайда туманидаги 24-мактаб, Қува туманидаги 50-мактаб, Учкўприк туманидаги 35-,43-мактаблар, Қўқон шаҳридаги 20-мактаб ихтиёридаги ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, Қува тумани ҳокимининг ҳудуддаги Турк қишлоғида жойлашган 50-мактабга тегишли ер майдонини туман ҳокимлиги балансига ўтказиш бўйича қарорини бекор қилишга доир суд органларига берилган аппеляция сўрови рад этилганлиги қонуний тартибда кўриб чиқилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли суд органларига ариза билан мурожаат қилиш бўйича соҳа мутасаддиларига керакли кўрсатма ва ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.