Сайт тест режимида ишламоқда

Пойтахтимизда “Президент арчаси” тадбирининг асосий тантаналари бошланди

29 декабрь 2022 йил
image

Бугун пойтахтимиздаги “Томоша” болалар театр студиясида “Президент арчаси” тадбирининг асосий тантаналари бошланди.

Унда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчиларнинг болалари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари иштирок этди.

Болажонларимизнинг Янги йил байрамида муносиб дам олишлари учун “Томоша” болалар театр-студияси томонидан саҳналаштирилган “Янгибекнинг орзуси” номли театр томошаси иштирокчи ўғил-қизларда катта таассурот уйғотди. Шунингдек, эл севган санъаткорлар иштирокидаги театрлаштирилган саҳна кўринишлари байрам тадбирига ўзгача шукуҳ бағишлади.

Айтиш лозимки, Халқ таълими вазирлиги томонидан маҳаллий ҳокимликлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тақдим этилган рўйхатлар асосида 3-15 ёшдаги 9 873 нафар ўғил-қизларнинг рўйхати шакллантирилди. Ушбу болаларга 10,2 млрд. сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “Президент совғаси” тайёрланди ҳамда жойларга етказилди.

“Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинликлар, расм дафтари, рангли қаламлар тўплами, совғалар солинадиган қоп, рюкзак, китоблар тўплами, шахмат, шунингдек, Меҳрибонлик уйлари, SOS болалар маҳаллалари ва Оилавий болалар уйларининг 12-18 ёшли тарбияланувчилари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, совғалар солинадиган қоп, рюкзак, электрон китоб, термос, шахмат киритилган.

2022 йил 20-25 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларга “Uzbekistan Airways” АЖ самолётлари ҳамда “Таъминот ва логистика хизмати” давлат унитар корхонаси автортранспортлари орқали 7 851 дона “Президент совғаси” етказилди.

Жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари вилоят ҳокимликлари, сектор раҳбарлари ва халқ таълими бошқармалари томонидан республиканинг барча ҳудудларида “Президент арчаси” тадбирлари ташкил қилинади ҳамда болаларга “Президент совғаси” тарқатилиши режалаштирилган.

Маълум сабабларга кўра байрам тадбирларига кела олмаган  болалар учун совғалар ҳокимлик, секторлар вакиллари, миллий гвардия ва халқ таълими вакиллари томонидан уларнинг уйларига борган ҳолда тантанали тарзда топширилади.

Ҳудудларда бўлиб ўтадиган “Президент арчаси” тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан зарур эҳтиёт чоралари кўрилган.

 Мазкур байрам дастури Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Болажон” ва “Ақлвой” телеканаллари томонидан байрам кунлари ташкил этиладиган Янги йил телемарафони доирасида намойиш этилади.

“Томоша” болалар театр студияси ўтказилаётган “Президент арчаси” тадбирининг такрорий сеанслари жорий йилнинг 30 декабрь куни соат 10:30 ва 13:30 ларда бўлиб ўтади.

Тадбир сўнггида иштирокчи болажонларга “Президент совғаси” тақдим этилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu