Бугун Халқ таълими вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ҳайъат аъзолари, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг котибияти мудири Маъруфжон Вахобов, вазирликнинг марказий аппарати масъул ходимлари, тизимга тегишли республика ташкилотлари, ҳудудий халқ таълими бошқарма ва бўлимлар раҳбарлари иштирок этди.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов йиғилишни ўз кириш сўзи билан бошлар экан, куни кеча Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида билдирилган муҳим фикр ва кейинги йилда бажарилиши лозим бўлган тизимга оид масалалар барча масъуллар зимасига катта масъулият юклашини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Айтилганидек, нафақат таълим йўналиши, балки жамиятнинг барча жабҳалари ривожи учун муҳим асос бўлиб хизмат қилувчи мазкур нутқ давомида ёшлар масаласи, хусусан, уларнинг сифатли билим олишлари, зарур касб-ҳунар эгаллашлари учун қатор жиҳатлар тилга олинди. Жумладан, 2023 йилга мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришнинг таклиф этилгани, келгуси йилдан бошлаб мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланиши айтиб ўтилди.
Вазир Мурожаатномада келтирилган мазкур масалаларга бирма-бир урғу бериб ўтар экан, “Давлатимиз раҳбарининг нутқидаги ҳар бир таклиф ва фикрлар таълим сифатини ошириш ва унинг истиқболдаги келажагини белгилаб берувчи кенг кўламли дастурдир. Шу сабабли эндиликда соҳадаги ҳар бир масъул, ҳар бир педагог ўз ишига янада фидойилик билан ёндашиши, ўқувчиларга сифатли таълим бериш фаолиятининг асосий бўғини эканлигини юракдан ҳис қилиши лозим”, — дея айтиб ўтди.
Йиғилишда вазирнинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев энг катта инвестиция, аввало таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши лозимлиги, шу мақсадда келгуси йилдан бошлаб мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиниши борасидаги Президентимизнинг фикрлари бугунги куннинг долзарб масаласи эканлигини таъкидлади.
Танқидий руҳда давом этган йиғилишда жойларда йўл қўйилаётган қатор камчилик ва муаммоларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Президент соврини учун жорий йилда ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови совриндорлари учун белгиланган мукофот пулларини тўлашда айрим ҳудудлар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах вилоятларининг қатор туманларида муаммолар юзага келаётгани танқид қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг 16 декабрь куни Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларнинг саралаш жараёнларида юзага келган муаммолар тилга олиб ўтилди.
Усмон Шарифходжаев ўқитувчилар мақомини ошириш ва педагогларни ўз вазифасига алоқадор бўлмаган турли ишларга жалб этиш, улар зиммасига ортиқча вазифалар юклаш масалаларини таҳлил қилар экан, бу борада вазирлик томонидан кескин чоралар кўрилаётганлигини айтиб ўтди.
Йиғилишда сўзга чиққан вазир ўринбосарлари ва масъул ходимлар ҳам тегишли йўналишлар доирасида жойларда йўлга қўйилаётган камчиликларга бирма-бир тўхталиб ўтди. Ёшлар маънавияти ва тарбиясини яхшилаш, умумтаълим муассасаларида қишги мавсумни беталофат ўтказиш, уларни зарур моддий-техник база билан таъминлаш, мактаблар ҳудудига тегишли бўш ер майдонларини ўзбошимчалик билан ўзлаштириш борасида юзага келаётган муаммолар санаб ўтилди.
Вазир мазкур масалалар бўйича масъулларнинг ахборотини тинглар экан, келтирилган муаммолар бўйича жойлардаги мутасаддиларнинг фикр ва мулоҳазаларига қулоқ тутди. Камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш ҳамда зарур чораларни амалга ошириш бўйича вазирлик ва ҳудудий масъулларга муҳим топшириқлар берди.
Ҳайъат йиғилишида таъкидланганидек, 2022 йилда фуқаролар мурожаатлари сони ўтган йилга нисбатан 2000 тага камайган. Вазирлик “Call-markaz”ларига ҳозирга қадар 60000 га яқин мурожаатлар келиб тушган ҳамда уларда келтирилган масалалар тезкор ўрганиб чиқилди.
Вазир мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор қаратар экан, фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш ҳамда юқорида келтириб ўтилган қатор муаммоларни бартараф этиш бўйича мазкур ҳафтани “Долзарб ҳафталик” деб эълон қилиш, ҳар бир туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари қошида бир ҳафта муддатда “Call-markaz” ташкил этиш топшириғини берди.
Шунингдек, қайд этилган ҳар бир масалани жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва муаммони бартараф этиш, таълим сифатини ошириш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Йиғилиш давомида янги тайинланган вазирлик марказий аппарати масъул раҳбарлари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари жамоага таништириб ўтилди.