Жорий йилнинг 29 ноябрь куни она тили ва адабиёти, ўзбек тили, қорақалпоқ тили ва адабиёти, инглиз тили, француз тили, немис тили, рус тили ва адабиёти, тарих, география, тожик тили, қозоқ тили фанларидан (II гуруҳ фанлари) асосий олимпиадасининг III (вилоят) босқичига старт берилди.
Ушбу босқичда Республика бўйича 19 535 нафар 9-10-11-синф ўқувчилари иштирок этади.
Мазкур босқичда ғолибликни (1-2-3 ўрин) қўлга киритган 11-синф ўқувчилари олимпиаданинг Республика босқичида иштирок этади.
Амалдаги тартиб бўйича мазкур босқичда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин учун 1,8 млн сўм;
2-ўрин учун 1,2 млн сўм;
3-ўрин учун 900 минг сўм
Жорий йилда ғолибларни рағбатлантириш ва тақдирлаш мақсадида Республика бюджетидан қарийб 3 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тартиб 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 562-сонли қарори билан жорий қилинган бўлиб, ўтган ўқув йилида 2,7 млрд. сўм маблағ йўналтирилган эди.
Олимпиада 1 декабрга қадар давом этади. Барча иштирокчиларга омад тилаймиз!