Ўқувчилар учун ишлаб чиқилган миллий сегментдаги электрон контентларни оммалаштириш масалалари муҳокама этилди

28 ноябрь 2022 йил
image

Бугун Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ туманидаги 45-STEM фанларига ихтисослашган мактабда “Таълим тизимида Ахборот технологияларини тутган ўрни  ҳамда ўқитувчи ва ўқувчилар учун Миллий таълим ресурсларидан фойдаланиш” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.

Унда Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчи-ёшлар учун ишлаб чиқилган миллий сегментдаги электрон контентлар ва ресурсларни янада оммалаштириш, ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатишнинг зарур жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, ҳар бир соҳада рақамлаштириш жараёни жадал ривожланиб бораётган бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари учун қатор электрон платформалари ва миллий таълим ресурслари яратилмоқда.

Шу билан бирга информатика фани ўқитувчиларининг халқаро IT платформалари орқали онлайн ўқиши ҳамда махсус сертификатларга эга бўлиши учун зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда айтилганидек, вилоят тасарруфидаги мавжуд таълим муассасаларида жами 1 159 нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари фаолият юритиб, шундан 59 нафари олий тоифали, 134 нафари биринчи тоифали, 277 нафари иккинчи тоифали ва 689 нафари мутахассис ўқитувчилардир.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Электрон Миллий таълим ресурсларидан фойдаланишни кенг тарғиб қилиш мақсадида 2022/2023 ўқув йилининг I чораги давомида Тошкент вилоятидаги умумталим мактабларида мавзуга доир қатор семинар-тренинглар ташкил этилди.

2022 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятдаги информатика фани ўқитувчилари COUSERA ва GOOGLE FOR EDUCATION платформалари орқали 200 дан ортиқ махсус сертификатларни қўлга киритди.

Семинарда электрон таълим платформаларининг афзалликлари хусусида иштирокчиларга атрофлича маълумот бериб ўтилди. Таъкидланганидек, электрон таълим ресурслари ёрдамида ташкил этилаётган дарсларда ўқувчилар маълумотларни нафақат эшитиш, балки кўриш сезгилари орқали ҳам қабул қилади. Бу эса маълумотларнинг ғоя ва мазмунини чуқур англаб етишларида катта самара беради.

Ўқув-семинар сўнггида айтилганидек, ўқувчиларнинг IT йўналишидаги  билимларини оширишда мазкур платформа ва дастурларнинг ўрни катта ва муҳимдир.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu