Куни кеча Халқ таълими вазирлигида умумтаълим муассасаларида ҳарбий ватанпарварлик йўналишида олиб борилаётган вазифалар ижроси, “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клублари фаолияти натижалари ҳамда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Халқ таълими вазири ўринбосари Вахобжон Ражапов, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, чақирувга қадар бошланғич тайёгарлик йўналиши ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигига масъул ходимлар иштирок этди.
Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги 212-сон қарорида умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилишга қаратилган “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клубини ташкил этиш белгиланган. Мактаблардаги кўнгилли ёшлар иштирокида тузиладиган мазкур турдаги клублар ўқувчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига доир билимларини бойитишга хизмат қилади.
Шу билан бирга ушбу ташаббус доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида “Яшил чироқ” мусобақаси ташкил этилиб, бунда пиёдаларнинг мактаб атрофидаги ички ҳамда серқатнов йўллардаги ҳаракатланиш тартиби ва мавжуд қоидаларга амал қилишга доир билимлари синовдан ўтказилади.
Вазир ўринбосари Вахобжон Ражапов йиғилишда белгиланган мазкур вазифалар ижроси бўйича жойларда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ўқувчиларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари орқали ташкил этиладиган тарғибот тадбирлари фаолияти жиддий таҳлил этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 июлдаги ПҚ-316-сон қарорига асосан, мактабларда “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари”ни ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси масъуллар иштирокида кўриб чиқилди.
Айтилганидек, ҳозирда мавжуд умумтаълим мактабларида Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича жами 169 та бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар мактабларидаги кўрсаткич даражаси юқорилигича қолмоқда.
Йиғилиш сўнггида мазкур бўш иш ўринларини муносиб кадрлар билан тўлдириш ҳамда ўқувчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида бажариш бўйича келгуси режалар белгилаб олинди.