Сайт тест режимида ишламоқда

Наманганда “5 ташаббус” фестивал-танлови ғолибларига 381 млн. сўмлик мукофотлар топширилди

24 ноябрь 2022 йил
image

Келажак авлоднинг баркамоллик сари шаҳду шижоат билан интилиши, ёшлар орасидан янги иқтидорларни кашф этиш, уларнинг қобилиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда истеъдодини юзага чиқаришда Президентимиз томонидан белгилаб берилган беш муҳим ташаббуснинг аҳамияти беқиёс.

Беш ташаббус ўқувчи-ёшларни маънавий етуклик, жисмонан баркамоллик, интеллектуал салоҳиятли бўлишга ундаб, юксак марралар сари чорламоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бу борадаги ташаббуслар барча ҳудудларда кенг қанот ёзмоқда. Жорий йилда “5 ташаббус” шиори остида Наманганда ташкил этилган танловлар, фестиваллар, баҳс ва мунозаралар, мусиқа, спорт ва санъат, компьютер ва интернетдан самарали фойдаланиш, касб-ҳунарга йўналтириш, китобхонлик равнақига қаратилган беллашувлар, мусобақаларда вилоятдаги 710 та умумтаълим муассасаларининг 500 000 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Илму иқтидор, интеллект ва қобилият, тафаккур синовлари тарзида қизғин ўтган баҳслар натижасига кўра муносиблар ичидан энг муносиблар ғолиб деб топилди.

Вилоятда йил давомида ташкил этилган “5 ташаббус” фестивал - танловларда жами 15 та умумтаълим мактабининг 110 нафар ўқувчи, ўқитувчи ва таълим муассасаси раҳбарлари ғолиб  деб топилиб, уларнинг тақдирлаш маросими катта тантанага айланиб кетди.

Наманган вилоят маданият марказида ташкил этилган тантанали тақдирлаш маросимида 1-ташаббус бўйича ғолиб жамоага овоз кучайтиргич, колонка, микрофон, ноутбук, 2-ташаббус бўйича ғолибларга тўп, бадминтон ракеткаси, бадминтон сетаси, гимнастика матлари, бадминтон стойкаси, шунингдек, 3-ташаббус бўйича ғолибларга моноблок, 4-ташаббус бўйича китоб ва компьютер жамланмалари, 5-ташаббус доирасида эса а тикув машиналари топширилди.

Бундан ташқари, 5 нафар фан тўгараги раҳбарлари моноблок, ноутбук ва планшетлар билан тақдирландилар.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этган Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражапов барча иштирокчиларни муносиб эътироф ва муваффақият билан табриклаб, уларга жами 381 миллион сўмлик мукофотларни топшириш асносида ташаббуслар билан янада юксак ва зафарли марраларни эгаллашга руҳлантирди.

Тантана доирасида ташкил этилган кўргазмалар, ўқувчиларнинг ижодий ишлари, санъат асарлари, қўл меҳнати намуналари, ахборот технологиялари иш самарадорлиги билан боғлиқ воситалар уларнинг иқтидор ва қобилият билан юрт эртасига муносиб улғайиш йўлидаги интилишларини яққол намоён этди.

Истеъдодли ўқувчилар ижросидаги тантанали чиқишлар, куй-қўшиқ ва рақслар тадбирга янада жўшқинлик бағишлади.

 

Наманган вилоят халқ таълими
бошқармаси Ахборот хизмати

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu