Ўқувчиларнинг мактаб дарсларида мунтазам қатнашишларини таъминлаш ҳамда ёшлар ўртасида турли ножўя ва улар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи одатларнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан доимий назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 17-18 ноябрь кунлари Халқ таълими, Ички ишлар, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур турдаги профилактик тадбирлар давомида дарсларни сабабсиз қолдириб келган 2 072 нафар ўқувчи аниқланди.
Назорат тадбирларида аниқланган мазкур ўқувчиларнинг ота-оналари туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар йиғилишларига жалб этилиб, улар иштирокида муҳокама қилинди.
Шунингдек, ота-оналар назорати ва қаровисиз қолган ўқувчилар таълим олишлари учун махсус мактаб-интернатларига жойлаштирилди.
Ҳурматли ота-оналар!
Ўз фарзандларингиз олдидаги мавжуд мажбуриятларингизни тўла англаган ҳолда, болангизнинг мактаб дарсларида тўлиқ ва доимий иштирок этаётганлигини қатъий назорат қилишингиз, бунда мактаб маъмурияти ва синф раҳбарлари билан мунтазам алоқа ўрнатишингиз мақсадга мувофиқдир.
Шунингдек, мактаб ёшидаги фарзандларингизнинг уйдан чиқаётганида унинг портфели ёки ёнида дарс машғулотларига тегишли бўлмаган, турли кераксиз ҳамда ўқувчи ҳаёти учун хавф туғдирадиган буюмларнинг мавжуд эмаслигини кўздан кечиришингиз, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этишда масъулият билан ёндашишингизни сўраймиз. Зеро, фарзандларимизнинг намунали тарбия топиб камолга етишларида оила ва маҳаллалардаги ижобий муҳит, ота-оналарнинг ўз болаларига доимий эътибори ва назорати, қонуний бурч ва мажбуриятлари катта аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Кодекснинг (https://lex.uz/acts/97664) 47-моддасида кўра, ота-оналар томонидан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.