Халқ таълими вазири Покистон Ислом Республикаси Федерал таълим ва касбий тайёргарлик вазири билан учрашди

18 ноябрь 2022 йил
image

Бугун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ҳамда Покистон Ислом Республикаси Федерал таълим ва касбий тайёргарлик вазири Рана Танвир Ҳусайн иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда мамлакатлар таълим тизимини ривожлантиришнинг ҳамкорликдаги алоқалари ва келгуси истиқбол режалари хусусида атрофлича фикр юритилди.

Вазир ўз сўзи давомида сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари, хусусан, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг сифатли таҳсил олишлари учун яратиб берилаётган шароитлар ҳамда жараёнларнинг бошқа муҳим нуқталарига тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Президентининг тегишли фармойишига асосан, Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгаш ташкил этилган бўлиб, унга бевосита Давлат раҳбарининг ўзи бошчилик қилиб келмоқда. Бу эса мамлакатдаги ўқувчиларнинг сифатли таълим олишларини таъминлаш ва бу борадаги мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этишда катта имконият яратиб бермоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари, давлатларнинг таълим йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз борар экан, сўнгги йилларда икки мамлакат етакчиларининг турли халқаро доирадаги учрашувлари, хусусан, жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги ўзаро мулоқот тадбирлари катта аҳамият касб этганлиги қайд этиб ўтилди.

Вазир Рана Танвир Ҳусайн Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таълим ривожи йўлида қабул қилинаётган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар бугунги кунда катта самара бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бунда Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари ва ҳамкорлик алоқаларининг ҳам ўрни катта эканлигини қайд этилди.

Учрашув сўнггида мамлакатлар ўртасидаги таълим соҳасида олиб борилаётган дўстона ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, икки давлат таълим даргоҳлари, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш масалалари бўйича тажриба алмашиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдириб ўтилди.

Халқ таълими вазири 2023 йилнинг март ва июнь ойларида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ҳамда Ал Хоразмий номидаги ёш математиклар халқаро олимпиадасида иштирок этиш учун покистонлик ўқувчиларни таклиф этди.

Ўзаро самимий ва дўстона руҳда кечган учрашув давомида иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклифларни келгусида амалга ошириш бўйича ўзаро келишиб олинди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu