Халқ таълими вазири Самарқандда бўлиб ўтган амалий-семинарда инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди

8 ноябрь 2022 йил
image

Бугун, 8 ноябрь куни Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Пастдарғом туманидаги 75-мактабда бўлиб, “Инклюзив таълим тажрибасини ривожлантириш” мавзусида ўқув-амалий семинарида ўз тавсиялари билан иштирок этди.

Вазир инклюзив таълимни ташкил этиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, семинар иштирокчилари билан мулоқот чоғида инклюзив таълимни ташкил этиш ва ривожлантиришда  мактаб жамоалари олдида турган вазифалар ва муаммолар ҳақида гапирди.

Хусусан, алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларнинг  тизимдаги мактабларда таҳсил олишда жамоатчилик фикрини ўзгартириш лозимлиги, бу борада мактаб жамоаси - ўқитувчилар маҳалла билан ҳамкорликда мунтазам равишда ота-оналар билан мулоқотлар олиб бориши кераклигини таъкидлади.

Семинар давомида “Инклюзив таълимда замонавий педагогик технология ва методларни қўллаш” мавзусида маърузалар ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, иштирокчиларга инклюзив  таълимга оид меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

Айни вақтда Самарқанд вилоятида 16 та умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизимидаги бошланғич синфлари ташкил этиш режалаштирилган. Вилоятдаги 5 та умумтаълим мактабларида  инклюзив таълим тизимидаги бошланғич синфлари ташкил этилган. Уларда 12 нафар таълимга алоҳида эҳтиёжи бор болалар таҳсил олмоқда.

Шундан сўнг Бахтиёр Саидов шу туманда фаолият юритадиган 56-мактаб фаолияти билан танишиб, муассасанинг моддий-техника базаси билан танишди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu