Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов II Истанбул таълим саммитида иштироки доирасида Туркияда педагогларни тайёрлаш ва улар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш соҳасидаги самарали тажрибаларни ўрганиш мақсадида Истанбул шаҳрида жойлашган Мармара университетида бўлди.
Университет ректори профессор Мустафа Курт билан учрашув Ўзбекистонда таълим масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан хабардор эканлигини ва унинг халқ келажагига бевосита самарали таъсиридан келиб чиқиб, таълимга кўрсатилаётган эътибор мамлакат тараққиёти учун зарур бўлган муносиб инсон капитали ва ресурсларини шакллантириш учун улкан имконият яратиши юзасидан муносабат билдирди.
Томонлар Мармара университетининг Отатурк номидаги педагогика факультети фаолияти билан яқиндан танишиб, мазкур факультетнинг педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурларини тайёрлаш соҳасидаги илғор тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш, Мармара университети мутахассислари томонидан ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар учун тренинг курсларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Ҳамкорликни амалий жиҳатдан бошлаш мақсадида университет ректори профессор Мустафа Курт бошчилигидаги Мармара университети жамоаси 2022 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонга ташриф буюриши келишилди.
Маълумот учун: Мармара университети 1883 йил ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 21 та йўналишда мутахассисларни тайёрлайди. Университетда 3 216 нафар илмий ходим фаолият юритади ва 82 000 нафар талаба таҳсил олади.