Масофавий таълим бўйича “Leader online” тажриба-синовдан ўтказилади

4 ноябрь 2022 йил
image

Дунё таълим стандартлари ва амалий тажрибасидан маълумки, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интернет тармоғи имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда масофавий таълимни ҳаётга жорий этиш ота-оналар ва ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинмоқда.

Мазкур амалиётни юртимиз умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг таълим олиш жараёнларига ҳам босқичма босқич жорий этиб бориш мақсадида масофавий таълим шакли — “Leader online” дастури тажриба-синов жараёнлари ўтказилмоқда.

Масофавий таълимда кимлар таҳсил олиши мумкин?

Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Ўзбекистон нодавлат таълим ташкилотлари уюшмаси ҳамкорлигида 2022-2023 ўқув йилининг иккинчи чорагидан бошлаб ўтказиладиган мазкур масофавий таълим жараёнида Тошкент шаҳар мактабларида таҳсил олаётган 60 нафар 7-синф ўқувчилари ота-оналар ва ўқувчиларнинг ўз ихтиёрига асосан саралаб олинади.

Бунда умумтаълим мактаблари маъмурияти томонидан ўқувчиларнинг ота-оналари билан анкета-сўровномалари ўказилади ҳамда унинг натижаларига кўра талабгор ўқувчилар рўйхати шакллантирилади. “Онлайн мактаб”да ўқитиш бўйича барча жараёнлар Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда туман халқ таълими бўлимлари томонидан назорат қилиб борилади.

Танлов жараёнлари қандай ташкил этилади?

Ўқувчиларни саралаш жараёни 2022 йил 5 ноябрь куни ўтказилади. Унда масофавий таълим жараёнларига жалб этилган ўқувчиларнинг дастлабки билим даражасини аниқлаш ва ўзлаштириш жараёнларини мониторинг қилиб бориш мақсадида бошланғич синов (кириш тести) ўтказилади.

Синов натижаларига кўра, масофавий таълим олишга мўлжалланган ҳар бири 30 нафар, жами 60 нафар ўқувчидан иборат, таълим ўзбек ва рус тилларида олиб бориладиган 2 та синф ташкил этилади.

Ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан ошмаган қисми ногиронлиги туфайли уйда якка тартибда таҳсил олаётган ўқувчилар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”да рўйхатга қўйилган кам таъминланган оила фарзандлари (бепул) томонидан шакллантирилади.

Юқоридаги шартлар асосида танлаб олинган ўқувчиларга “Lider bolalar maktabi” нодавлат таълим муассасасида масофавий бепул таълим берилади.

Масофавий таълим қай тартибда олиб борилади?

Масофавий таълим жараёнларини ташкил этиш мақсадида “Lider bolalar maktabi” нодавлат таълим муассасасида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда “Online maktab” платформаси яратилган.

Масофавий таълим жараёнида иштирок этадиган ўқувчилар мазкур платформада юритиладиган мактабнинг ўқувчилар контингентига олинади.

Ушбу платформада умумтаълим мактабларининг 7-синфлари учун давлат дастури доирасидаги барча фанлар бўйича онлайн дарс материаллари жамланган. Платформадаги ҳар бир видеодарс давомийлиги 9 дақиқагача давом этади.

Ўқув жараёнлари Ўзбекистонда белгиланган ўқув дастурлари, ўқув режа ва дарсликлар асосида, синхрон (онлайн) ва асихрон (платформада мустақил ўрганиш) тартибида ташкил этилади.

Масофадан ўқитиш жараёнларида ўқув дастурларини экранда ўрганаётган ўқувчиларга ҳар 20 дақиқадан сўнг танаффус берилади.

Масофавий таълимга бириктирилган педагоглар ўзлаштиришдан орқада қолаётган ўқувчилар билан индивидуал (якка тартибда) иш олиб боради.

Мазкур тажриба-синов якунлари бўйича келгусида умумий ўрта таълим босқичида масофавий таълим шаклини жорий этиш бўйича зарур таклифлар тайёрланади.

Ўқувчиларни баҳолаш ва таътиллар

Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириб бориш кўрсаткичлари тест, ижодий ва бошқа турдаги топшириқлардан олган 1 дан 5 гача бўлган балл тизимида олиб борилади. Ўқувчиларнинг баҳолаш якунлари синф журналларида қайд этилади.

Масофадан ўқитишда ўқув йили давомида кузги, қишки, баҳорги ва ёзги таътиллар ҳам кўзда тутилган. Бу даврларда ўқув платформасига кириш имконияти сақланиб қолади ҳамда таътил даврларида қўшимча дарслар ёки ўқувчилар билан оффлайн учрашувлар ўтказилиши мумкин.

Ота-оналарнинг вазифалари қандай?

Масофавий таълимга бириктирилган ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандларининг масофадан таълим олишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиб бериши, имкон қадар ўтказилаётган видеодарсларни кузатиб бориши лозим.

Шунингдек, фарзандларининг берилган уй вазифаларини бажаришини назорат қилиб боришлари ва мактаб маъмурияти ҳамда ўқитувчилар билан доимий алоқада бўлиб боришлари зарур.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu