Гурлан туманидаги таълим даражаси паст мактаб фаолияти таҳлил қилинди

28 октябрь 2022 йил
image

Вазир Бахтиёр Саидов томонидан Хоразм вилоятидаги умумтаълим муассасалари фаолиятини ўрганиш давомида ҳудуддаги таълим сифати паст кўрсаткичга эга мактабларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, вилоятнинг Гурлан туманидаги 15-умумтаълим мактаби педагогларининг ўқув ва илмий салоҳияти, ўқув-тарбия жараёнлари таҳлил қилинди, аниқланган масалаларнинг сабаблари ўрганилди.

Таъкидлаш жоизки, айни вақтда мактабда 570 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, якунланган ўқув йилида 35 нафар битирувчиларнинг билим самарадорлиги (ўртача балл) кўрсаткичи нисбатан паст баҳоланган.

Вазир мактабнинг 11-синф ўқувчилари билан суҳбатда мазкур жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтар экан, ўқувчиларнинг бугунги қизиқишлари, танлаган касб йўналишлари, аниқ ва табиий фанларни ўзлаштириш даражаси билан танишди.

Битирувчиларга биринчи навбатда мактабда таълим олишлари зарурлиги, барча фанларни ўзлаштириш, кенгроқ фикрлаган ҳолда тўғри касб танлаш зарурлиги ҳақида ҳаётий мисоллар билан тушунтириш берилди.

Вазир ўқувчилар билан суҳбатда Гурлан туманининг кейинги беш йиллик иқтисодий ривожланишида муҳандис, технолог, иқтисодчи каби ноёб мутахассислар зарурлиги, бунинг учун бугунги битирувчилар яхши билим олиб шу касбларни эгаллашлари зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Мактаб раҳбарияти ва педагоглари билан мулоқотда ўқувчиларга сифатли таълим бериш соҳа олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд этилиб, бунинг учун туман ҳокимлиги билан биргаликда мактабда ўқувчилар учун барча шароитларни яратиш борасидаги режалар келишиб олинди. Шу билан бирга, бу вазифалар Давлатимиз раҳбарининг соҳа масъуллари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар олдига қўйган тегишли топшириқлар ижросига мос эканлиги айтиб ўтилди.

Вазир бошчилигида Хоразм вилоятидаги мактаблар фарлиятини ўрганиш жараёнлари давом этмоқда. Айни вақтда Халқ таълими вазирининг хоразмлик мактаб директорлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu