Халқ таълими вазири ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси қорақалпоғистонлик мактаб директорлари билан очиқ мулоқот ўтказди

27 октябрь 2022 йил
image

Бугун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев билан биргаликда мактаб директорлари билан учрашув ўтказди.

Унда халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан ўқувчиларга муносиб шароитларни яратиш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, ўқувчиларга сифатли таълим бериш, уларни маънавий етук шахс этиб тарбиялаш, тўғри касб танлаш борасида мактаб директорларининг масъулияти ҳақида сўз борди.

Хусусан, 2022 йил бошида Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида қўшимча 23 та мактабда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, умуман олганда бу йил 70 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ўқувчилар учун шароитлар яхшиланмоқда.

Ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида айнан Қорақалпоғистонда биринчи бўлиб “Мобиль методик гуруҳлар” фаолияти йўлга қўйилган, 40 та таълим даражаси паст мактаблар танлаб олиниб, ҳудуддаги олий таълим муассасалари билан биргаликда ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш орқали таълим сифатини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Мулоқот чоғида Қорақалпоғистонда тизимда хали қилиниши лозим бўлган ишлар кўплиги, мактабларда ўқувчиларга замонавий билимларни беришда ўқитувчиларда методик маҳорат етишмаётганлиги, бир қатор мактабларда таълим даражаси пастлиги, 11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ишларида муаммолар мавжудлиги, айрим мактабларнинг ижтимоий-маънавий муҳити яхши эмаслиги қайд этилди.

Жўқорғи Кенгес раиси республика мактабларида таълим-тарбия жараёнларини яхшилаш юзасидан мактаб директорларига бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

Учрашув сўнггида таълим сифати кўрсаткичлари бўйича юқори натижаларга эришган 10 нафар мактаб директори “Ватан фидоийси” кўкрак нишони билан тақдирланди ҳамда ҳар бир тумандан биттадан битирувчилари олий таълим муассасаларига киришда энг юқори натижа кўрсатган мактаб директори Жўқорғи Кенгес томонидан 10 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланадиган бўлди.

Мулоқотда мактаб директорларининг халқ таълимини янада ривожлантириш бўйича таклифлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu