Бугун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Самарқанд вилоятига борди. Вазирнинг илк манзили Самарқанд шаҳридаги 800 нафардан ортиқ бола таҳсил оладиган 8-сонли япон тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бўлди. У ерда ўқувчиларга яратиб берилган шарт-шароитлар ва дарс жараёнлари кўздан кечирилди.
Бахтиёр Саидов ўқувчи-ёшларга вазир дарсини ўтиб, ўқувчиларнинг тил билиш кўникмалари, уларнинг келгусидаги орзу-мақсадлари хусусида сўради.
Шунингдек Бахтиёр Саидов мактаб педагоглар жамоаси билан учрашар экан, ўқитувчилик масъулияти, ўқувчиларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни ўрганишда замонавий методлардан фойдаланиш хусусида ўз тавсияларини берди. Ўқувчиларнинг замон талабларига мос таълим-тарбия олишлари учун мактабга интерактив доска совға қилинди.
Шундан сўнг вазир шаҳардаги 4-умумтаълим мактабида бўлиб, таълим муассасасида ўқитувчи ва ўқувчиларга яратилган шароитларни кўздан кечирди ҳамда шароитнинг замон талабларига жавоб бермагани боис, уни 2022-2026 йил инвестиция дастурига киритилишини қайд этди. Мактабда компьютер синф хонаси йўқлиги боис, сўнгги русумдаги 15 та компьютер жамланмасини совға қилинди ҳамда ўқитувчиларга болаларнинг замон талаблари асосида билим олишлари учун фойдали контентлардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Кейинги манзил Самарқанд вилояти ўқитувчиларнинг малака ошириш институти бўлди. Бахтиёр Саидов малака оширишга келган ўқитувчилар билан суҳбатлашар экан:
“Сизнинг зиммангизда улкан масъулият бор, жамиятнинг ўзгариши сиздан бошланиши лозим, ўқитувчи ўзгарса ўқувчи ўзгаради, ўқувчи орқали эса биз ота-онага таъсир қилишимиз мумкин.
Буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида яратган маънавият дурдоналари дунё тамаддунига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилган. Бугунги ёшларни аждодларга муносиб авлод этиб тарбиялаш учун барча шароитлар яратиб берилади, Учинчи Ренессанс пойдеворини Сизлар билан биргаликда қурамиз.
Бугун олдимизда турган асосий вазифалардан бири ўқитувчиларнинг тоифасини ошириш, бўшлиқларни тўлдириш, таълимдаги муаммоларни биргаликда бартараф этишимиз лозим. Бу эса ўқитувчиларимиздан катта билим, маҳорат ва фидоийлик талаб этади. Бунинг учун эса биз ўқитувчиларимиз учун барча шарт-шароитларни яратиб беришимиз лозим. Ўқитувчиларнинг иш услубини такомиллаштириб бориш лозим. Ўқитувчини ўз-ўзини баҳолайдиган 7 та индикатордан иборат янги тизим жорий этилади", – деди Халқ таълими вазири.
Учрашув давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида келгусидаги вазифалар белгилаб олиниши таъкидланди.