Бугун халқ таълими тизимига доир аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни тез фурсатларда бартараф этиш, бунда олиб борилаётган ислоҳотларни энг пастки бўғин — мактабга қадар етиб боришини таъминлаш соҳа мутасаддилари олдида турган муҳим вазифага айланиб бормоқда.
Халқ таълими вазирлиги масъулларидан иборат Ишчи гуруҳнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 51-умумтаълим мактабида олиб борган ўрганишлари давомида мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор берилди.
2019 йилда қурилган ҳамда 180 нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган ушбу мактабда айни вақтда 600 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Аҳоли сонининг ортиб бориши мактабда мавжуд ўринга нисбатан қарийб 3 баравар кўп ўқувчи таълим олаётганлигини кўрсатиб турибди. Шу боис мазкур мактаб ҳудудида 2023 йилда Инвестиция дастури доирасида 420 ўринли қўшимча бино қуриш таклифи берилган.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ўқув масканида олиб борилаётган таълим жараёнлари билан танишар экан, мактабнинг 11-синф ўқувчилари иштирокидаги қатор дарс соатларини кўздан кечирди. Ўқувчиларнинг математика, кимё, физика каби фанлардан билимларини синовдан ўтказди.
Ўзаро мулоқот давомида ўқувчиларнинг келажакда ўз ўрнини топишлари учун тўғри касб танлаш муҳимлиги хусусида ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириш берилди. Берилган саволларга фаол жавоб берган бир нафар ўқувчига ноутбук тақдим этилди.
Ҳудуддаги навбатдаги ўрганиш ишлари Хўжайли туманидаги 10-умумтаълим мактабида олиб борилди. Айни вақтда 320 ўринли мактаб биносида 700 нафарга яқин ўқувчи 2 навбатда таълим олиб келишмоқда.
2022 йилги Инвестиция дастури доирасида 320 ўринли қўшимча бино қурилаётган мактаб биносида сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Вазир янги бинони кўздан кечирар экан, қурилиш сифатига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда тез фурсатда фойдаланишга топшириш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.
Мактаб 11-синф ўқувчилари иштирокида уларнинг қатор фанларни ўзлаштириш даражаси бўйича ўтказилган таҳлил ва мулоқотларда фаоллик кўрсатган 2 нафар аълочи ўқувчиларга вазир томонидан ноутбук совға қилинди.
Ишчи гуруҳнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги умумтаълим муассасалари фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда.