Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги тегишли қарорига асосан “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланди.
Низом талабларига кўра, халқ таълими ходимлари эндиликда фақат Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги малака ошириш ташкилотларида эмас, балки ихтиёрий равишда нодавлат таълим муассасаларида ҳам ўз малакаларини оширишлари мумкин.
Нодавлат таълим ташкилотларининг бу борадаги харажатлари давлат бюджетининг мазкур соҳага ажратилган маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган. Бунинг учун халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланадиган нодавлат таълим ташкилотларининг электрон Реестри шакллантирилди.
Халқ таълими вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ҳозирга қадар Реестр орқали келиб тушган аризалар асосида белгиланган талабларга жавоб берадиган 3 та НТТлар халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланишлари учун реестрга киритилди.
Ушбу нодавлат таълим ташкилотлари қуйидаги йўналишлар бўйича малака ошириш курсларини ташкил этмоқда:
Информатика ва ахборот технологиялари;
Инглиз тили.
Нодавлат таълим ташкилотлари учун эслатма!
Халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган нодавлат таълим ташкилотлари “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформасининг Нодавлат таълим ташкилотлари реестри орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Реестр орқали рўйхатдан ўтиш учун ОТМ ва Нодавлат таълим ташкилотлари дастлаб, “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасидан (onlinedu.uz) рўйхатдан ўтишлари ва ташкилот тўғрисидаги маълумотлар (педагог кадрлар таркиби, моддий-техника ва ўқув-методик таъминоти, банк ҳисоб рақам ва ҳ.к.)ни киритишлари талаб этилади.
Мазкур жараёнларни амалга ошириш бўйича видео йўриқнома ҳаволаси орқали батафсил танишишингиз мумкин.
Айтиш лозимки, халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш билан шуғулланадиган нодавлат таълим ташкилотлари сонининг ортиши педагогларга танлаш имкониятини кенгайтириш баробарида соҳада соғлом рақобат муҳитини шаклланишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, халқ таълими ходимлари қаерда малака оширишидан қатъий назар, жорий йил учун белгиланган кредит балларини йиғишлари талаб этилади.