Вазирлик мутасаддиларининг навбатдаги манзили Жиззах вилоятининг Бахмал тумани бўлди.
Тумандаги 5-,45-, 81- ва 86-сонли мактаблари фаолияти билан танишилди. 45-сонли мактабда 8-синф ўқувчилари билан бирга дарс жараёнларида қатнашиб, ўқувчиларга математикада “Маҳорат дарси” кўрсатилди. Қизиқарли савол-жавоблар шаклида ўтган машғулотда фаол қатнашган Нозима Хидировага ноутбук тақдим этилди.
Мазкур мактабда яратилган 500 тупдан ортиқ олма кўчати экилган, томчилаб суғориш тизими йўлга қўйилган боғ эътироф этилди.
Вилоят ҳокимлиги ёрдами билан 81-сонли мактаб учун қўшимча ўқув биносини бунёд этиш режалаштирилди.
Ўрганилган мактабларда директорлар билан педагогларнинг масъулиятини ошириш, эртанги кунимиз бўлган ўқувчилар тақдирига жавобгар эканлигимиз, бунинг учун ота-оналар билан бирга болаларни мактаб таълимига эътиборини ошириш, ҳаетий кўникмаларга эга бўлишлари учун замонавий методикалар асосида дарсларни олиб боришлари тўғрисида кўрсатма берилди.
Мактабдаги мулоқотларда яратилган янги дарсликларнинг ўз вақтида мактабларга етказилиши, ундаги мавзуларни ўқувчилар томонидан қабул қилинаётганлиги, қизиқарли ёки мураккаб эканлиги ҳақида фикрлари тингланди.
“Мактабда сифат, сифат ва яна сифат” бўлиши кераклиги директор ва ҳудудий бўлинма масъулларига вазифа сифатида белгилаб берилди.
Шунингдек, туманда Жаҳон банки лойиҳаси доирасида янгидан барпо этилган 220 ўринли 86-сонли мактаб биноси ва ундаги таълим жараёнлари билан танишилди. Шу ернинг ўзида педагоглар билан таълим сифатини яхшилаш, илғор методикалар юзасидан мулоқот қилинди.