Жомбойлик ўқувчиларнинг билим даражаси синовдан ўтказилди

7 октябрь 2022 йил
image

Халқ таълими вазирлиги Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилаётган ўрганиш ишлари Самарқанд вилоятида давом этмоқда.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов вилоятнинг Жомбой туманидаги 31-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, мактаб инфратузилмасини яхшилаш, ўқув жараёнларини сифатли ташкил этиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари, шунингдек, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Мактабнинг 11-синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган дарс жараёнларида уларнинг математика, кимё, биология, физика фанларидан эгаллаган билимлари синовдан ўтказилди. Етарли билим ва дарс сабоқларига эга бўлмаган ўқувчилар билан янада кўпроқ иш олиб бориш, бунда уларнинг қизиқишларини инобатга олиш бўйича мактаб ўқитувчиларига тавсиялар берилди.

Шунингдек, педагогларнинг масъулияти, касбий маҳорати ва билимини ошириш, замонавий методик усуллардан доимий фойдаланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳақида туман ва мактаб мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилди.

Жомбой туманидаги 18-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган ўрганишлар давомида ҳам мазкур таълим муассасасида олиб борилаётган таълим жараёнларининг реал ҳолати танқидий таҳлил этилди.

Вазир мактабнинг 8-синф ўқувчилари билан ўтказилган суҳбатда, ҳаётий мақсадларга эришиш ҳамда бу йўлда қандай босқичларни босиб ўтиш зарурлиги хусусида ёшларга ўз хулоса ва фикрларини билдириб ўтди. Суҳбат сўнггида 3 нафар фаол ўқувчига ноутбук совға қилинди.

Самарқанд вилояти мактабларидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu