Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ аъзоларининг Қашқадарё вилоятидаги таълим муассасаларини ўрганиш юзасидан олиб бораётган ишлари ҳудуддаги Яккабоғ туманида давом этди.
Сафар давомида Ишчи гуруҳ тумандаги 8-сон, 70-сон ва 96-сонли умумтаълим мактабларидаги ўқув жараёнлари, педагогларнинг ўқув малакаси ҳамда ушбу таълим муассасаларида яратилган шароитлар билан танишди.
Мактаб ўқитувчиларига соҳа ходимлари олдига қўйилган асосий вазифа, эртанги келажагимиз бўлган фарзандларимизга сифатли таълим бериш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, маънавий етук авлод сифатида тарбиялаш зарурлиги бўйича зарур тушунтиришлар бериб ўтилди.
Шунингдек, мазкур талабларни амалга оширишда ўқитувчилар замонавий методикаларни ўрганишлари ҳамда таълим жараёнига татбиқ этишлари кераклиги таъкидланди.
Ўрганишлар давомида мактаблар ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, бу ерда "Яшил макон" акцияси доирасида дарахтзорларни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга зарур тавсиялар берилди.
Шу билан бирса тумандаги 96 мактабнинг 3 нафар ўқитувчиси ва 1 нафар аълочи ўқувчисига ноутбук тақдим этилди.