Пойтахтимиздаги 41 та умумтаълим мактабида рақамли кутубхона жорий этилди

6 октябрь 2022 йил
image

Айтиш лозимки, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларни мазмунли ўтказиш, улар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида замонавий кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Бугун Халқ таълими вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 22-мактабда ўтказилган умумтаълим мактабларида рақамли кутубхона тизимини жорий этиш ва унинг ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишдаги ўрни тарғиботига бағишланган пресс-турда бу борада олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиздаги мавжуд умумтаълим мактаблари кутубхоналарида жами 15,3 млн. нусха адабиётлар фонди мавжуд бўлиб, шундан 7,7 млн. нусхаси лотин алифбосидаги адабиётлар ҳисобланади. 1,6 млн. нусха (10,3%) рус, 23 минг нусха тожик, 92 минг нусха қозоқ, 3,5 минг нусха қирғиз,

609 нусха туркман тилларидаги бадиий адабиётлар мавжуд. Шунингдек, китобларнинг 78,5 нинг нусхасини чет тиллар (инглиз, немис ва француз) даги адабиётлар ташкил қилади.

Мактаб кутубхоналаридаги доимий китобхон ўқувчилар сони 3,1 млн. нафардан иборат.

Ўқувчиларни интернет тармоғи орқали китоб мутолаасига қизиқтириш мақсадида www.kitob.uz сайти ташкил этилган бўлиб, ушбу порталга бадиий адабиётларнинг 5 мингдан зиёд электрон шакллари жойлаштирилган. Ҳозирда сайтдан бир кунда ўртача 11-12 минг нафар ўқувчи-ёшлар фойдаланишмоқда.

Ўқувчилар учун 120 номдаги ўзбек мумтоз ва замонавий ҳамда жаҳон адабиёти намуналарининг аудио китоб шаклдаги вариантлари яратилиб, мазкур аудио китоблар www.kitob.uz сайтига юклаб олиш ва онлайн тинглаш учун жойлаштирилди.

Болалар кутубхоналари ва мактаб кутубхоналари учун хорижий давлатлар кутубхоналарига саёҳатлар уюштириш имкониятини берувчи виртуал майдонлар ташкил этилди.

www.kitob.uz платформасидаги “VR кутубхона” бўлимига қўшилган мазкур майдонда хорижий давлатларда жойлашган замонавий кутубхоналарнинг VR 360 панорама кўринишидаги видео маҳсулотлар (25 дона) ҳамда ушбу кутубхоналар ҳақида қисқача маълумотлар жойлаштирилган.

Таъкидланганидек, болаларни электрон кутубхона имкониятларидан кенг фойдаланишларини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги 41 та ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги 36 та мактабда рақамли кутубхона лойиҳаси тўлиқ жорий этилди ва ишга туширилди.

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 22 мактабда ўтказилган пресс-тур тадбирлари давомида умумтаълим мактабларида рақамли кутубхона тизимини жорий этиш ва унинг ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, рақамли кутубхона тизими нафақат ўқувчилар, балки мактаб ўқитувчилари учун қатор қулайликлар яратади. Хусусан, кутубхона фонди таркибидаги ўн минглаб китоблар орасидан керакли адабиётларни калит сўз орқали топиш, мавжуд китобларнинг мониторингини юритиш имкониятини яратилди.

Шу билан бирга ўқувчилар ўртасида қайси китобларга талаб катталиги хусусидаги таҳлилий маълумотлар доимий назорат қилиб борилади.

Ушбу тизимнинг яна бир қулайлиги шундаки, ўқувчиларнинг интернет тизимидаги мавжуд электрон ўқув платформалари ёрдамида китоб ўқиш имконияти бир неча баравар ортади. Бу орқали ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини замонавий ўқув тизими билан узвий боғлиқлилиги таъминланади.

Мазкур мактабларда ҳозирги кунда рақамли кутубхона платформасига киритилган ўқувчилар сони 40 689 нафарни ташкил этади. Тизимга юкланган китобларнинг умумий сони 95 686 тадан иборат бўлиб, ундан фойдаланиб келаётган фаол китобхонларнинг умумий сони айни вақтда 2 300 нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Пресс-тур тадбирлари давомида журналистлар томонидан мавзуга доир берилган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича маълумот бериб ўтилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu