Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Рамазон Абдуллаев биринчи устозининг гапларини такрор ва такрор эслайди. Устоз болалигини ҳаяжон билан, ажойиб хотиралар билан мана шундай ёдга олади:
— 1953 йил кечагидек ёдимда, — дейди Сурхондарё вилояти, Бойсун туманидаги 53-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Рамазон Абдуллаев. — 1-синфга бордим. Бизга Ёрқиной опа Шокирова дарс бера бошлади. 1-4-синфлар комплект бўлиб, тўртта синф бирга ўқир эдик. Ўқув йилининг февраль, март ойларига бориб, устозимни менга бўлган меҳрини янаям ҳис қила бошлади. Муаллимам мени бошқа болаларга нисбатан кўпроқ яхши кўрадигандек туюлар, болам, бўтам, деб эркалатарди....
Шу боисдан ҳам бошқа ўқувчиларга нисбатан яхши ўқий бошладим. 3-чорак якунида мактаб директори томонидан “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирландим. Шундан сўнг менда дарсларга қизиқиш янада ошди. Хуллас 1-2-3-синфни аъло баҳога тамомлаб, 4-синфга ўтдим. 4 синфда ўқитувчимиз бирон иш билан ташқарига чиқса, синфни бошқариб туришни менга ишониб чиқиб кетар эди.
Мен 1-4-синф ўқувчиларини худди ўқитувчидек бошқариб, ўқитувчи бўлиб дарс беришга ҳаракат қилар эдим. Устозим келиб ўқувчиларга “Рамазон келажакда ўқитувчи бўлади. У катта одам бўлиб мактаб директори бўлади. Давлатимиз томонидан мукофотлар олади”, — деб мени мақтар эди.
Биласизми, биз таътилга чиққач, 10-12 хўжалик оиламиз билан биргаликда овулга кўчиб чиқардик. Мен овулдаги 1-6-синфларда ўқийдиган болалар билан “мактаб-мактаб” ўйинини ўйнардим. Мен мактаб директори, Нормурод Қодиров завуч, Эсон Ахатов синф раҳбари бўларди. Мен ва Нормурод тошдан доска қилиб, қора куя билан ёзиб, ўқувчиларга математика ва она тили дарсларини ўтар эдик. 8-синфда ўқиётган кезларим синф раҳбаримиз Тоҳир Усмонов “Ким ўқитувчи бўлади?” деб ўртага савол ташлади. Шунда “Мен ўқитувчи бўламан” деб биринчилар қатори қўл кўтардим.
Орадан йиллар ўтиб, орзуим ҳам амалга ошди. 1963 йил 17-мактабда бошланғич синфларга дарс бера бошладим. Синфда жами 13 нафар ўқувчи бор. Марҳум устозим Шоди ака Бўриев дарсимни таҳлил қилар, менга методик ёрдам берар эди. Ўша вақтларда “Рамазон, сендан яхши бошланғич синф ўқитувчиси чиқади, мен айтган камчиликларни бартараф қилиб бор”, дер эди.
Ҳар бир дарсимда ўз қўлим билан кўргазмали қуролларни тайёрлаб, дарс ўтардим. Ўқувчиларимга дарс қизиқарли бўлиши учун ҳар хил совғалар берар эдим. Дарсга яхши қатнашмаган ўқувчиларим эса биз ҳам совға оламиз, деб кейинги дарсга қизиқиш билан тайёрланиб келар ва совғаларимни олар эди. Дарс қизиқарли ўтарди.
Ўқувчилар кўнглига йўл топиш учун устозларим Шоди ака Бўриев, Райим ака Шариповдан ўрганган методик, педагогик, психологик билимларни беришга ҳаракат қилдим. Ёмон иш қилган бўлса ҳам дўстона, яхши гаплар билан гапириб, тушунтириб, тўғри йўлга сола олганим учун мени ўқувчиларим яхши кўрарди ва кундан-кунга дарсга қизиқиши ортиб борарди...
Чорак якунида энг аълочи ўқувчиларимга мактаб директоридан “Мақтов ёрлиқ”лари олиб беришга ҳаракат қилардим. Ўқувчиларим мактаб директорининг қўлидан мақтов ёрлиғини олишгач шундай хурсанд бўлишарди-ки... Асти қўяверинг.
Мана шунақа гаплар ...
Кўп йиллик тажрибага эга илғор педагог Рамазон Абдуллаев айни вақтда ҳам замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда ёш авлодни баркамол вояга етказиш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Моҳир педагог дарсларида янги педагогик технологиялардан фойдаланиш, дарс жараёни самарадорлигини ошириш, ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни тўлдириш борасида услубий изланишлар олиб бормоқда. Ўзининг бир қатор услубий тавсиялари билан ўқитиш самарадорлигини ошириб келмоқда.
Ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон қилиб вояга етказиш йўлида самарали меҳнатлари эвазига “Халқ таълими аълочиси” кўрак нишони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси” фахрий унвонлари билан мукофотланган.
Рамазон Абдуллаев ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги билан ўқувчилар учун мактабда 400 дан ортиқ кўргазмали қуроллар ва 2800 га яқин тест банкларини яратган. Бугунги кунда унинг кўплаб шогирдлари ўзи билан бир сафда туриб меҳнат қилишмоқда. Унинг саъй-ҳаракатлари ва амалга ошираётган ибратли ишлари натижасида мазкур мактаб туманнинг фахрига айланган. Қаҳрамонимиз ўғил фарзандлари ёрдамида чорвачилик, боғдорчилик ва дурадгорчилик билан шуғуллангани боис мактаб ва ҳамқишлоқлари учун кўплаб савобли ишларни ҳам амалга ошириб келмоқда.
Жумладан бевосита унинг ташаббуси билан туманнинг узоқ тоғли ҳудудида жойлашган 17-мактабда қўшимча синф хоналари, устахона, ошхона қурилган. 53-мактабга ишга ўтгач, ўз шахсий жамғармаси ҳисобидан қувур ётқизиб, ўқувчиларни тоза ичимлик суви билан таъминлашда бошқаларга ибрат намунасини кўрсатди. Мактаб кутубхонасини шахсий жамғармаси ҳисобидан қуриб, фойдаланишга топширди.
Боқувчисини йўқотган Нурмамат Саидовни фарзандликка олди, уни тарбиялаб, уйлантирди ва 4 хонали уй қуриб берди. Кам таъминланган оилаларга 4 хонали уйлар қуриб бериб, бир бошдан сигирлар ҳадя қилди.
Жорий йилда Мустақиллик байрами арафасида кўрсатган хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофати “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Рамазон Абдуллаев 59 йиллик тажрибаси, илғор педагог сифатида янги педагогик технологиялар асосида ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон қилиб вояга етказиш йўлида самарали меҳнат қилмоқда.
Рамазон Абдуллаев нафақат ишда, балки оилада ҳам вафоли ёр, меҳрибон ота, севимли бободир. Турмуш ўртоғи Норгул Назарова билан тўққиз нафар фарзандни камолга етказиб, барчага ўрнак бўлиб келмоқда.