Бугун — 5 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги тизимидаги 10 085 та мактабда 2022-2023 ўқув йили дарслари бошланди. Жорий ўқув йилида 702 000 нафар болажонлар умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинди. Уларга 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғалари топширилди.

Айтиш лозимки, мактабларда таҳсил олаётган 6 469 737 нафар ўқувчи иштирокида ташкил этилаётган “Биринчи қўнғироқ” тадбирларида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Мазкур “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида ташкил этилиб, унда халқимиз ардоғидаги инсонлар, мактабларнинг кўзга кўринган битирувчилари ҳамда давлат идоралари раҳбарлари қатнашди.


Шунингдек, айни вақтда республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида 2022-2023 ўқув йилининг биринчи дарс соати — “Мустақиллик дарслари” бошланди. Ушбу дарсларда истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, ёшларимиз томонидан қўлга киритилган катта ғалабалар ҳамда миллий тарихимизнинг ёрқин лавҳалари ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берилди.