Сўнгги йилларда халқ таълими тизими ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз томонидан қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш орқали ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни ва обрўсини кўтариш масаласи долзарб мақсадга айланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 12 августдаги 425-сонли қарори асосида Халқ таълими вазири жамғармаси ташкил этилганлиги ҳам бу йўлдаги яна бир катта қадам ҳисобланади.
Хўш, жамғарманинг ташкил этилганлиги натижасида соҳа ривожи ҳамда ўқитувчиларнинг педагогик фаолиятида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Энг аввало айтиш мумкинки, ўқувчилари юқори натижаларга эришган ҳамда ўз устида доимий ишлайдиган, ўзининг ўқитиш услуби ва халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлган фаол ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш янада кучайтирилади.
Қарор асосида тасдиқланган “Халқ таълими вазирининг жамғармаси тўғрисидаги Низом”да келтирилганидек, Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
тизимда фаолият юритаётган малакали педагог кадрларга ҳар ойлик устама;
илғор ходимларга бир марталик пул мукофоти;
халқаро ва асосий олимпиаданинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга бир марталик пул мукофотлари тўланади.
Шунингдек, Жамғарма маблағлари таълим сифати паст, муҳити оғир бўлган мактабларга бориб, педагогларга илғор ўқитиш методикалари ва инновацияларга ўргатаётган методик гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга, ушбу гуруҳлар таркибига жалб этилган мутахассисларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Номзодларни илк саралаш ишлари қай тартибда олиб борилади?
Ҳар ойлик устама тўланадиган номзодлар саралаш ишлари Вазирлик томонидан тузилган ҳамда фаол жамоатчилик вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
Биринчи босқичда Давлат тест маркази, Президент таълим муассасалари агентлиги битирувчи-ўқувчиларнинг тегишли ўқув йилида олий таълим муассасалари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳони натижаларини ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар халқаро ва республика мусобақалари ва танловларида совринли ўринларни эгаллаган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни Халқ талими вазирлигига тақдим этади.
Иккинчи босқичда Ишчи гуруҳ битирувчи-ўқувчиларнинг кириш имтиҳонларида жамлаган баллардан келиб чиқиб туман (шаҳар)лар бўйича йиллик квотани тақсимлайди ҳамда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, яъни ҳудудий кенгашларга тақдим этади.
Учинчи босқичда. Ҳудудий кенгашлар туман (шаҳар) квотасидан келиб чиқиб ҳар ойлик устама олиш учун номзодларни тегишли йўналишлар бўйича туман (шаҳар) бўйича Ишчи гуруҳга тақдим этади.
Ҳар бир йўналиш бўйича тегишли туман (шаҳар) учун белгиланган ҳар битта квота ўрнига кўпи билан учта номзод тақдим этилади.
Кейинги танлов босқичлари қай тартибда ўтказилади?
Ишчи гуруҳ томонидан устама тўланадиган малакали педагог кадрларни танлаб олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Биринчи босқичда —номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражасини баҳолаш учун тест синовлари ўтказилади;
Иккинчи босқичда — тест синовларида максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодларнинг касбий маҳоратини баҳолаш учун суҳбат ўтказилади. Максимал баллнинг 80 фоизидан паст натижа кўрсатган номзодлар саралашнинг иккинчи босқичига қўйилмайди.
Бир марталик пул мукофоти кимларга берилади?
Мазкур ҳуқуққа эга бўлган илғор ходимлар тўғрисидаги маълумотлар Ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилади ва Халқ таълими вазири томонидан тасдиқланади.
Устама ва рағбатлантириш миқдорлари қанча?
Халқ таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланган, суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга:
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари (ҳозирги вақтда 5 060 000 сўм) миқдорида ҳар ойлик устама;
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади.
Ушбу педагог ходимлар рўйхати Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Бу муҳим:
1. Ҳар ойлик устама у белгиланган кундан бошлаб 9 ой давомида, бир марталик пул мукофотлари Халқ таълими вазирининг буйруғи чиққан вақтдан бошлаб тўлаб берилади.
2. Устама тўланадиган ўқитувчиларнинг республика бўйича чекланган йиллик квотаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади;
3. Ҳар ойлик устама олаётган ходимларга бир марталик пул мукофотларини белгилашга йўл қўйилмайди.
4. Халқ таълими тизимида ходимнинг иш жойи, лавозими ўзгарган ҳолда ҳам унинг ҳар ойлик устамаси сақлаб қолинади ва белгиланган муддатга қадар тўланади.
5. Устама олувчилар халқ таълими тизимидаги меҳнат фаолиятини тугатган тақдирда ҳар ойлик устама тўлаш тўхтатилади.