Сайт тест режимида ишламоқда

“20 ЙИЛЛИК ИШ ТАЖРИБАМ ДАВОМИДА ТАЪЛИМ СОҲАСИГА БУ ҚАДАР ЖИДДИЙ ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛИШИГА ИЛК БОРА ГУВОҲ БЎЛЯПМАН” — 500 МИЛЛИОН СЎМ ПУЛ МУКОФОТИНИ ҚЎЛГА КИРИТГАН ЖАМОАНИ ТАЙЁРЛАГАН ИНГЛИЗ ТИЛИ ФАНИ ЎҚИТУВЧИСИ

12 август 2022 йил
image

Нилуфар Исакова Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 97-мактабда ўқувчиларга инглиз тили фанидан сабоқ беради. Унинг жамоаси жорий йилда Президент соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг Республика босқичида 1-ўринни эгаллаб, 500 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

20 йиллик педагогик стажга эга ўқитувчи тажрибасидан бугун республикамиздаги барча устозлар ўрнак олса арзийди. Танловнинг финал босқичигача етиб келиш осон эмас, албатта. 97-мактаб жамоаси эса буни уддалади! Бундай юқори натижани қандай қўлга киритгани ҳақида савол берганимизда, мана шундай жавоб олдик:

“Бу муваффақият замирида аҳил жамоанинг хизмати беқиёс! Аҳиллик, бирдамлик, илм ва изланиш бор жойда, албатта, муваффақият ғалаба қозонади. Мактабимизда 20 нафар инглиз тили ўқитувчисидан иборат иноқ жамоамиз бор! “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловига старт берилганида услуб бирлашма раҳбари сифатида жуда катта масъулиятни ҳис қилдим. Жамоамиз билан мактабимизда таҳсил олаётган юзлаб ўқувчилар ичидан муносиб беш нафарини танлаб олиш жараёнига ҳам масъулият билан ёндошдик. Энг иқтидорли, мустақил фикрлай олувчи, ўз устида ишлайдиган ўқувчилардан иборат жамоа шакллантирдик.

Сўнгра бу ўқувчиларни олимпиадага тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиб, керакли ўқитувчиларни аниқ йўналиш бўйича ўқувчиларимиз билан шуғулланиши учун қулай шароит яратдик. Тест синовлари орқали саралаб олинган жамоа аъзолари билан мунтазам равишда шуғуллана бошладик. Дарслар жараёнида қийинчиликлар юзага келса, муаммоли саволларга биргаликда ечим топилди. Тун-у кун таълим берилди, таълим олинди. Ҳаттоки таътил кунларида ҳам ўқувчилар хиёл чарчаб қолса-да, болаларнинг танловга қизиқишини янада кучайтириш учун улар билан турли мотивацион суҳбатлар олиб борилди. Ғалаба фақат бизники бўлишини, ғолиб сифатида барчага намуна бўлиш мумкинлигини ўқувчиларга доимий равишда тушунтириб бордик. Қувонарли жиҳати, болалар танловга кундан-кун қизиқишлари ортиб бораётганини намоён қилишди. Танловда ғолиб бўлишимизда, энг аввало, педагогик жамоамизнинг ўз ишига фидойилиги, ўқувчиларимизнинг қунт ва сабр билан қилган меҳнатлари сабаб бўлди. Ва ниҳоят финал босқичига етиб келиб, 1-ўринга лойиқ, деб топилдик. Хурсандчилигимизни сўз билан таърифлаб беролмайман. Буни фақат ҳис қилиш мумкин...

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмокчиманки, 20 йиллик иш тажрибам давомида таълим соҳасига бу қадар жиддий эътибор қаратилишига илк бора гувоҳ бўляпман. Катта миқдордаги пул мукофотлари, Буюк Британия мамлакатига таълим саёҳати каби ютуқлар илгари биз муаллимларга, ҳаттоки ўқувчиларимизга ҳам ҳеч қачон тақдим этилмаган.

Биз педагоглар, ўқувчилар учун бундай зўр имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга чин қалбимиздан ўқувчиларимиз, барча устозлар номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этамиз. Ва албатта, билдирилган ишончни оқлашга, мактабимизда берилаётган таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга ваъда берамиз!” - дейди Нилуфар Исакова.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu