Сайт тест режимида ишламоқда

Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабга Президент соврини – 500 млн. сўм пул мукофоти топширилди

5 август 2022 йил
image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 3-5 август кунлари Тошкент шаҳрида Президент соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг Республика босқичи ўтказилди .

Бугун пойтахтимиздаги “Симпозиумлар саройи”да мазкур танловнинг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Тақдирлаш маросимида танловнинг финал босқичида ғолиб бўлган мактабларга белгиланган пул мукофотлари топширилди.

Унга кўра:
1-ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 97- мактаб жамоаси – 500 миллион сўм;

2-ўринни эгаллаган Бухоро вилояти, Бухоро шаҳридаги 40-мактаб жамоаси – 400 миллион сўм;

3-ўринни эгаллаган Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги 5-мактаб жамоаси – 300 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотига эга бўлди.

Шунингдек, танловнинг Республика босқичида иштирок этган 70 нафар ўқувчи ва уларнинг 14 нафар устозларига Буюк Британия давлатига таълим саёҳатига бориш учун махсус йўлланмалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), гапириш (speaking), ўқиш (reading) номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. 

Эслатиб ўтамиз, синов натижаларига асосан B2 ва ундан юқори натижа қайд этган ўқувчиларга халқаро тан олинадиган тил билиш сертификати тақдим этилади.

Мукофот жамғармаси 54 млрд сўмни ташкил этувчи танловнинг барча босқичларида ғолибликни қўлга киритган мактаб қарийб 1 млрд сўмгача бўлган пул мукофотини қўлга киритди.

Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар миқёсида ўтказилган танловда:

1-ўринни эгаллаган мактаб – 250 миллион сўм;
2-ўринни эгаллаган мактаб – 200 миллион сўм;
3-ўринни эгаллаган мактаб – 150 миллион сўм

миқдоридаги пул маблағлари билан, шунингдек, туман (шаҳар) миқёсида ўтказилган танловда:

1-ўринни эгаллаган мактаб – 100 миллион сўм;
2-ўринни эгаллаган мактаб – 75 миллион сўм;
3-ўринни эгаллаган мактаб – 50 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари билан тақдирланган.

Халқ таълими вазирлиги ғолиб бўлган барча мактаб жамоаларини муборакбод этади!

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu