Сайт тест режимида ишламоқда

Халқ таълими вазири Президент соврини учун беллашаётган иқтидорли ўқувчилар билан учрашди

5 август 2022 йил
image

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов куни кеча Тошкент шаҳрида Президент соврини учун ўтказилаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови якуний босқичида иштирок этаётган ўқувчилар билан учрашиш мақсадида пойтахтимиздаги “City Palace Hotel Tashkent” меҳмонхонасига борди.

Ўзаро дўстона давра столи атрофида бўлиб ўтган мулоқот давомида вазир ўқувчиларнинг танлов жараёнларига оид таассуротлари ва келгуси режалари билан қизиқди. Уларнинг келажак мақсадлари ва бу йўлда олиб бораётган изланишлари, устозлари ва ота-оналари билан муносабатлари хусусидаги қизиқарли фикрларига қулоқ тутди.

 Вазир ўз сўзи давомида ўтказилаётган ушбу танловнинг ўқувчилар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти хусусида фикр юритар экан, олган билим ва тажрибалари иштирокчи йигит-қизларнинг келажак орзуларини амалга оширишда бир давон бўлиши, шунингдек юртимиздаги бошқа мактаб ўқувчиларига ҳам катта мотивация беришини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга танлов соврини учун ажратилган маблағлар ғолиб ўқувчилар мактабида хорижий тилларни ўқитишни яхшилаш учун шарт-шароитлар яратиш, мактаб кутубхонасини бойитиш, техник воситалар билан жиҳозлашга сарфланиши ҳам иштирокчиларнинг ўзи таҳсил олаётган  ўқув даргоҳига қилган катта ёрдами эканлиги айтиб ўтилди.

Вазир суҳбат давомида келажакда ўқитувчи касбини эгаллаш ниятидаги ўқувчининг фикрларини тинглар экан, “Ўқитувчилик — жуда масъулиятли ва шу билан бирга шарафли касб. Шунинг учун сизнинг бу ниятингиз мени жуда хурсанд қилди”, — дея ўқувчига омад тилади.

Турли мавзулар ва самимий муҳитни ўз ичига олган вазир ва ўқувчилар ўртасидаги мазкур мулоқот чинакам маънода дўстлик учрашувига айланиб кетди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu