Хабарингиз бор, 2021-2022-ўқув йили давомида умумтаълим мактаблари ўртасида уч босқичли Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови ўтказилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан 14-16 ёш оралиғидаги ўқувчилар ўртасида ўтказилган мазкур танловда 8 065 та мактаб жамоалари ўзаро баҳслашди.
Бугун асосий пул мукофоти 500 миллион сўмни ташкил этадиган танловнинг якуний финал босқичи бугун пойтахтимизда жойлашган Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг Assessment марказида бўлиб ўтмоқда.
Ушбу босқичда республикамизнинг 14 та ҳудудидан келган жамоа иштирокичилари (жами 70 нафар ўқувчи) ғолиблик учун курашишмоқда.
Иштирокчилар Буюк Британиянинг Cambridge Assessment English ташкилотининг Linguaskill халқаро имтиҳон тизими — (тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), гапириш (speaking), ўқиш (reading) кўникмалари халқаро сертификация асосида синовдан ўтказилади ва баҳоланади.
Танлов якунларига кўра, ғолиб жамоа 500 миллион сўм, 2-ўринни эгаллаган мактаб 400 миллион сўм, 3-ўринни эгаллаган мактаб 300 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланади.
Бундан ташқари, танловнинг Республика босқичи иштирокчилари (70 нафар ўқувчи) ва уларнинг устозлари (14 нафар) тил кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Буюк Британияга таълим саёҳатига юбориш режалаштирилган.
Танлов жорий йилнинг 5 августига қадар давом этади ҳамда ғолиблар тадбирнинг сўнгги кунида мутасадди ташкилотлар томонидан тақдирланади.
Маълумот учун: Бугун соат 16:00 да Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилиши белгиланган. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирок этишади.