Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 апрелдаги Фармонига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги тизимидаги 121 та таълим муассаса Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилди. Шу муносабат билан ушбу таълим муассасаларининг белгиланган тартибда (ҳудудий ҳокимликлар қарори билан) фаолияти тугатилди. Мазкур таълим муассасаларида фаолият юритган 4 мингдан ортиқ раҳбар ва педагог ходимлар меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.
Фаолияти тугатилган таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари, шу жумладан, ушбу муассасалардан Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги ихтисослашган мактабларга ишга тавсия этилмаган ходимларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳудудий халқ таълими бошқармаларида штаблар ташкил этилди.
Раҳбар ва педагог ходимлар ушбу штабларга қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат этишлари мумкин.
Шунингдек, ишга жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар ва саволлар юзасидан мурожаат қилиш учун Халқ таълими вазирлигининг алоҳида Телеграмм-бот @uzedujob_bot ишга туширилди.
Ботга мурожаатингизда исм-шарифингиз, ҳудуд ва мактаб тўғрисидаги маълумот, боғланиш учун телефон ва аниқ муаммоли ҳолатни келтиришингиз сўралади.
Шу ўринда, Агентлик тизимидаги ихтисослашган мактабларга имтиҳон жараёнлари, синов натижалари (захирага тушиш сабаблари) ва улар бўйича эътирозлар юзасидан бевосита Президент таълим муассасалари агентлигига murojaat@piima.uz электрон манзили орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Шу билан бирга Агентлик тасарруфидаги ихтисослашган мактабларга қабул натижалари эълон қилинганидан сўнг танловдан ўта олмаган ўқувчиларни бошқа мактабларга кўчириш масаласида ҳам ушбу штаблар фаолиятини давом эттиради.
Ҳурматли устозлар!
Фаолияти тугатилган таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларининг мурожаатлари эътибордан четда қолдирилмасдан, уларга муносиб иш ўринлари таклиф этилган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.