Бугунга қадар 530 минг нафардан ортиқ ўқувчи 1-синфга қабул қилинди

22 июль 2022 йил
image

2022-2023 ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари давом этмоқда. Аввал хабар берганимиздек, янги  ўқув йилида республика умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига 700 мингдан ортиқ болаларни қабул қилиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 530 минг нафардан ортиқ ўқувчилар 1-синфга қабул қилинди.

Ота-оналарга қулайлик яратиш ва қабул жараёнларини тартибли ташкил этиш мақсадида 1-синфга қабул 2 босқичда, яъни дастлаб жорий йилнинг   31 июлига қадар мактабларга маҳаллий ҳокимлик қарорлари билан бириктирилган микроҳудуд бўйича, 1 августдан сўнг эса  микроҳудуддан ташқари ҳудудлар бўйича  қабул жараёнлари амалга оширилиши белгиланган. 

Аввалги йиллар тажрибасидан келиб чиқиб ҳамда Президент қарорларига мувофиқ Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги жами 25 та шаҳар ва туманлардаги 816 та умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА (my.maktab.uz) қолган ҳудудларда эса белгиланган тартибда  АНЪАНАВИЙ ШАКЛДА, яъни бевосита мактабда амалга оширилмоқда. 

1-синфга қабул жараёни билан боғлиқ ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун Халқ таълими вазирлигида Call-марказ ташкил этилган ва унга шу кунга қадар  7 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларда асосан фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси маълумотлари электрон тизимда мавжуд бўлмаганлиги, чет эл фуқароларининг рўйхатдан ўтиши, фуқароларнинг яшаш манзили бўйича микроҳудудига қайси мактаблар бириктирилганлиги ва улар ҳақида маълумот олиш, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома чет эл давлатларига тегишли бўлган болаларнинг  рўйхатдан ўтиш тартиби, ота-оналарнинг доимий яшаш манзилларига қараб эмас, доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтган манзилларига қараб асосий мактаб бириктирилишига оид саволлар берилмоқда. Саволларга мутахассислар томонидан тезкорлик билан жавоб қайтарилмоқда.

Шу ўринда ота-оналарга "Таълим тўғрисида"ги қонун талабига мувофиқ, 1-синфга улар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши ҳамда электрон қабул жараёнлари юзасидан саволлари билан Вазирликнинг Сall-маркази 71-203-07-04 га қўнғироқ қилиб, мурожаат этишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu