Хабарингиз бор, куни кеча Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ўзининг навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказган эди. Ушбу қабул давомида пойтахтдан келган фуқаролардан бири пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани 141-сонли мактабдаги мавжуд ҳолат, таълим сифати, ўқувчиларга яратилиши лозим бўлган шароитлар устидан мурожаат қилган эди.
Вазир ушбу мурожаат асосида бугун ушбу таълим муассасасида бўлиб, бу ерда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Хусусан, ўқув хоналарини янги ўқув йилига тайёрлаш, малакали кадрлар билан таъминланиши, янги нашр этилган дарсликларнинг етказилиши жараёнлари ўрганилди. Шунингдек вазир мактабда бўлиб турган ота-оналарнинг янги мактаб формаси ҳақидаги фикрлари билан қизиқди. Ота-оналар томонидан янги форма жорий қилиниши айни вақтда жуда ҳам ижтимоий аҳамияти юқори эканлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Шундан сўнг Бахтиёр Саидов жорий йилда мукаммал таъмирдан чиқарилаётган 41-сонли мактабда ҳам бўлиб, қурилиш-таъмирлаш жараёнларининг бориши билан танишди. Бу ерда қурувчиларга таъмирлаш ишларини жадаллаштириш ва сифатли амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди. Мазкур мактаб Давлатимиз Раҳбарининг 2021 йил ноябрь ойида Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида мукаммал таъмирланмоқда.
Маълумот учун айтиш жоизки, мазкур мактаб 1568 ўқувчи ўрнига эга бўлиб, ўтган ўқув йилида 1800 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олган. Келгусида ўқувчилар сонининг ошишини инобатга олиб, 660 ўринли қўшима бино қуриш ҳам режалаштирилган.