“Халқ таълими соҳасида энг зиёлилар ишлаши ва барча олиб борилаётган ислоҳотларга зиёлилар каби ёндашиши керак” — Халқ таълими вазирлигида навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

9 июль 2022 йил
image

Халқ таълими вазирлигида вазир Бахтиёр Саидов бошчилигида навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Жамоатчилик кенгаши вакиллари, вазирлик мутасаддилари, республика ташкилотлари, ҳудудий халқ таълими бошқармалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда Халқ таълими вазирлигининг 2022 йил 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлари самарадорлиги, 2-ярим йилликдаги долзарб вазифалар, мавжуд камчиликлар, уларнинг ечимига оид таклифлар ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва истиқболдаги вазифалар муҳокама этилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда олиб борилган йиғилиш чоғида мактабларда таълим сифатини ошириш масаласи кўтарилди ҳамда жойларда олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

"Жаҳондаги илғор методикаларни билмаганимиз учун аҳволимиз яхши деб бўлмайди. Афсуски, устозлар таълимга халқаро методикани татбиқ этиш, экспертларни жалб қилиш масалаларини нотўғри талқин қилишяпти. Ваҳоланки, устозларнинг тажрибасини ошириш учун сабабларимиз етарли. Халқ таълими соҳасида энг зиёлилар ишлаши ва барча олиб борилаётган ислоҳотларга зиёлилар каби ёндашиши керак”, — дея қайд этди вазир.


Бахтиёр Саидов сўнгги вақтда вазирлик жамоаси билан 4 мингдан ортиқ таълим муассасалари, жумладан, ўзи мингдан ортиқ мактаблар аҳволи билан танишиб чиққанини ва имкони бўлса ҳар бир мактабга боришини, мактаблардаги носоғлом муҳит учун ҳудудий халқ таълими раҳбарлари шахсан жавоб беришини айтиб ўтди. Шунингдек, сўнгги ой давомида 6 та ҳудуддаги 100 фоиз директорлар билан учрашилгани ва уларга таълим сифатини ошириш бўйича зарур топшириқлар берилгани қайд этилди.

Йиғилиш давомида янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, яъни мактаб моддий-техник базасини яхшилаш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар билан ишларни жадаллаштириш, жумладан, чет тилларини ўқитиш масалалари, 1-синфга қабул юзасидан юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Жорий ўқув йилида 1-синфга қабул қилинадиган болалар сони (700 минг нафар ўқувчи) рекорд даражани қайд этаётгани, шу боис мазкур масалани жамоатчиликка етказиш бўйича алоҳида иш олиб бориш зарурати қайд этилди.

Шунингдек, мактабларда психологларнинг фаолияти ҳам танқидий таҳлил қилиниб, уларнинг фаолиятини кўриб чиқиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Айни дамда психологлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузилгани ва ушбу ишчи гуруҳ томонидан мактабларда ўқувчилар билан ишлашни янгича ёндашув асосида ташкил қилиш, бундан буён бу йўналишда сусткашликка йўл қўйилмаслик юзасидан топшириқлар берилди. Бундан ташқари, малака ошириш йўналишида ҳам олиб борилаётган тизимли ишларга тўхталиб ўтилар экан, жойларда бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш сўнгида халқ таълими тизимидаги ҳар бир раҳбар ходим халқдан келиб тушаётган мурожаатларга бефарқ бўлмаслиги, “Инсон қадри” тамойили асосида ҳар бир мурожаатни ўрганиб чиқиши лозимлиги, зеро келиб тушаётган ҳар бир мурожаат мактабларда маънавий муҳит яхши эмаслиги, адолатсизликлар, туман мудири ва мактаб раҳбарларининг ишламаслигидан далолат эканлиги айтиб ўтилди.

Маълумот учун: 6 ой давомида ўз лавозим мажбуриятлари ва меҳнат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун 3 та ҳудудий бошқарма бошлиғи, 9 нафар бошқарма бошлиғи ўринбосари, 28 нафар туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шунингдек бир қатор вилоят, туман ва шаҳар халқ таълими раҳбарларига хайфсан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu