Халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган ўқитувчилар учун олий маълумотли бўлиш имконияти пайдо бўлди.
ЎЗбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг 2022 йил 2 июлдаги мажлис баёнига асосан олий маълумотга эга бўлмаган ўқитувчилар учун тўлов-контракт асосида сиртқи таълим шакли бўйича алоҳида 1000 та мақсадли қабул параметрлари тасдиқланди.
Бу ўринларга умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган, олий педагогик маълумотга эга бўлмаган ҳамда камида 5 йил педагоглик стажига эга бўлган ўқитувчилар даъвогарлик қилиши мумкин.
Бунинг учун олий таълимга эга бўлмаган, мақсадли қабул параметрлардаги жойларга даъвогар ўқитувчилар иловадаги ОТМ йўналишларига барча абитуриентлар қатори 20 июлга қадар тегишли тартибда Давлат тест маркази порталида рўйхатдан ўтишлари керак.
Олий таълимга эга бўлмаган даъвогар ўқитувчилар ўрнатилган тартибда кириш имтиҳонларида иштирок этади ва асосий квотага кира олмаган тақдирда мақсадли қабул параметрлари доирасида баллар кетма-кетлигида ўқишга тавсия қилинади.
1000 та мақсадли қабул параметрлари илова қилинмоқда.