Халқ таълими вазирлиги ва Буюк Британиянинг Махсус таълим эҳтиёжлари миллий ассоциацияси (NASEN) вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокаралардан кўзланган мақсад икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш орқали Ўзбекистон халқ таълими соҳасида NASEN салоҳиятини жалб қилиш ва тарғиб қилишдан иборат.
Ўзбекистон томонидан учрашувда Халқ таълими вазирлиги Таълим сифатини мониторинг қилиш департаменти директори Лазиз Хўжақулов ва вазирлик бош мутахассиси Шуҳрат Умаров, Британия томонидан эса NASEN бош амалиёт директори Aмрит Сингх, Халқаро тараққиёт департаменти директори Камол Бодханкерлар иштирок этди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, имконияти чекланган болаларни оддий мактабларга интеграция қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг ўзаро мақбул форматлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар қатор амалий лойиҳалар, жумладан, умумтаълим мактабларида инклюзивликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, ўқитувчиларни NASEN қўлланмалари ва йўриқномалари билан таъминлашга келишиб олдилар.
1992 йилда ташкил этилган Махсус таълим эҳтиёжлари миллий ассоциацияси алоҳида эҳтиёжли шахсларни ўқитиш ва ривожлантириш, Буюк Британия ва хорижий мамлакатларда ушбу соҳадаги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўқув дастурларини яратишга ихтисослашган етакчи Британия ташкилотидир. NASEN аъзолари сони бутун дунё бўйлаб 62 мингдан ортиқ давлат ташкилотлари, экспертлар, университетлар ва махсус мактабларни ташкил қилади.