Халқ таьлими вазири Бахтиёр Саидовнинг мактаб директорлари билан учрашувининг навбатдаги манзили Наманган шаҳри бўлди. Бу ерда вазир Наманган вилоятининг 450 нафардан ортиқ мактаб директори билан мулоқот қилди.
Учрашувда халқ таълимини ривожлантириш борасида қабул қилинган Қарор ва Фармонларнинг амалда ижросини таъминлаш, бунинг учун мактаб директорлари ўзлари раҳбарлик қилаётган жамоада етакчиликни қўлга олишлари, ташаббускор бўлишлари лозимлиги қайд этилди. Президентимизнинг мактаб директорларига билдираётган юксак ишончи ва шу билан бирга келажак авлод учун масъул эканлигимизни ҳис этишимиз зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда мактабларда таълим даражасини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, битирувчиларни аниқ мақсад ва тўғри касб танлашида мактаб психологларининг масъулиятини ошириш ҳақида сўз борди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аҳамияти, жумладан, Асосий Қонунимизнинг таълимга оид моддасига (41-моддаси) киритилаётган қўшимчалар, педагогларнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилаётгани таъкидланди.
Мулоқотда мактаб таълимини келгуси 5 йиллик ривожлантириш миллий дастури ва унда белгиланган вазифалар, соҳа ходимларига яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда директорларнинг мактаб таълим сифатини яхшилаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалари тингланди.