Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 6-12 июнь кунлари Анқара ва Истанбул шаҳарларида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг 1-Ўқитувчилар алмашинув дастурида ўзбекистонлик ўқитувчилар ҳам иштирок этди.
Унда вакилларимиз томонидан Ўзбекистонда халқ таълими соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, 5 йиллик халқ таълимини ривожлантириш ва ўқув дастури, янги авлод дарсликларининг яратилиши, кадрларни тайёрлаш, малака ошириш тизимидаги ўзгаришлар ҳақида батафсил тақдимот қилинди.
Ушбу тақдимот ташкилотнинг аъзо давлатлар вакиллари томонидан эътироф этилиб, катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бундан ташқари тадбир давомида бошқа давлатларнинг ҳам таълим тизимидаги тақдимотлари намойиш этилиб, таълимдаги ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, иштирокчилар Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ташкилотининг котибияти (бош офиси)да бўлиб, унинг фаолияти билан танишдилар. Шу ерда котибият вакиллари ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда келгусидаги режалари ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунида Котибият томонидан 1-Ўқитувчилар алмашинуви дастури иштирокчиларига сертификатлар топширилди.