Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари Шароф Рашидов ва Зарбдор туманларидаги таълим муассалари фаолияти билан танишди.
Дастлаб, Шароф Рашидов туманидаги 36-мактабда бўлиб, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, қизларни тикувчиликка ўргатиш хонаси билан танишди, 11-синф битирувчилари билан мактабни тамомлаш арафасида келажак режалари ҳақида мулоқот қилди.
Битирувчиларга катта ҳаётда омад тилаб, касбларни тўғри танлаш муҳимлиги, бу шунчаки қизиқиш, ёки орзу-хавас эмас, ўша касбнинг истиқболи, ҳаётнинг фаровонлигини таъминлашга кафолат бўлишини мисоллар билан тушунтириб берди. 4 нафар муваффақиятга эришган ўқувчига ноутбук, мактабга эса телевизор тақдим этилди.
![photo2022-05-2120-44-28-2.jpg](https://old.uzedu.uz/uploads/2022/05/photo2022-05-2120-44-28-2.jpg)
Кейинги манзил Зарбдор туманидаги 25-сонли мактаб бўлиб, ўқувчиларга яратилган шароитлар билан танишди. Айни вақтда 210 ўринга мўлжалланган мактабда қарийб 500 нафар ўқувчи 2 навбатда таълим олмоқда, келгусида аҳоли ўсишини инобатга олиб, қўшимча ўқув биноси қуриш учун 2023 йилги Инвестиция дастурига таклиф киритиладиган бўлди.
Мазкур мактабда ҳам битирувчилар билан мулоқот қилиниб, савол-жавобларда фаол қатнашган 2 нафар ўқувчига ноутбук тақдим этилди.
Шунингдек, Зарбдор туманида жойлашган 1-ва 2-сонли алоҳида таълимга эҳтиёжлари мавжуд болалар учун мўлжалланган мактаб-интернатларида бўлиб, ўқувчиларга таълим олиш ва касб ўрганишлари учун яратилган шароитлар эътироф этилди.
![photo2022-05-2120-44-28.jpg](https://old.uzedu.uz/uploads/2022/05/photo2022-05-2120-44-28.jpg)
Мазкур таълим муассасаси педагогларига болаларни жамиятга мослашуви, инклюзив таълим орқали тенгдошлари орасида муносиб ўрнини топишига ўргатиш муҳимлиги таъкидланди. Икки мактаб интернатга телевизор тақдим этилди.