6 нафар ўзбекистонлик ўқитувчи жаҳоннинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида магистратурада таҳсил олиш учун «Эл юрт умиди» жамғармасининг грантини қўлга киритгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 68-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Назира Аҳмедова ана шу ўқитувчиларнинг бири. 25 ёшни қарши олган Назира Италиянинг энг нуфузли Sapienza University of Rome университетида давлат гранти асосида магистратурада таҳсил олади.
Италиянинг Sapienza университети ҳақида суриштириш жараёнида Назира Аҳмедова бу олийгоҳ чет элнинг энг нуфузли ТОП-200 та университети қаторида эканлигидан хабар топган.
“Ҳозирда интернет ривожланиб кетганлиги боис танловга ҳужжат топширишим қийин бўлмади. Барча ҳужжатларни онлайн тарзда топширдим ва мақсадларим тўғрисида иншо ёздим. Шундан сўнг танловнинг иккинчи босқичи, яъни суҳбатга таклиф қилиндим. Суҳбат жараёнида менда жуда кучли ҳаяжон бўлди, чунки у ерда ўтирган «Эл юрт умиди» жамғармаси аъзолари ўз соҳасининг етук мутахассислари эди. Шунга қарамай барча саволларга тўлиқ жавоб беришга ҳаракат қилдим. Жамғарма аъзоларининг хушмуомалалиги ўзимга бўлган ишончни янада орттирди. Бир неча кундан сўнг натижалар эълон қилинди ва ғолиблар орасида менинг ҳам исмим бор эди. Бу мен учун кутилмаган бахт ва орзуларим рўёби эди.
Бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўплаб юртдошларимизга чет элда билим олиш ва ўз орзуларини рўёбга чиқаришда катта кўмак бермоқда. Жамғарма томонидан тақдирланиш мен учун ҳам кутилмаган совға бўлди. Бу хабар нафақат мен, балки бутун оиламиз учун катта қувонч олиб келди. Ҳозирда юртимиз ёшларига бундай катта имкониятлар берилаётгани таҳсинга сазовор. Бу каби имкониятлар Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашига албатта ўз ҳиссасини қўшади. Мазкур танловга мамлакатимизнинг юзлаб ёшлари ҳужжат топширгани боис ғолиблар қаторида бўлиш менга улкан куч ва шижоат берди.”
Тиришқоқ муаллима етук мутахассис бўлиш учун шу соҳада ўқишнинг ўзи камлик қилади, дея ҳисоблайди. Бунга қўшимча тарзда инновацион технологиялардан фойдаланиш, бир нечта чет тилларида равон гаплаша олиш, жаҳонда бўлаётган ҳар қандай янгиликлардан бохабар бўлишни жуда муҳим, деб билади. Бу соҳада у Италия университетида ўзи учун катта тажриба олиб қайтмоқчи.
Эндиликда ёш педагог таълимни Италияда инглиз тили йўналишида давом эттириб, у ерда олган билимларини Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг чет тилини билиш даражасини оширишга йўналтириш, уларни етук ва салоҳиятли кадр бўлишига ҳисса қўшиш ниятида. Олий мақсади - етарли тажрибага эга бўлгандан сўнг болалар учун инглиз мактаби очиш.
“Италияда таҳсил олиб, у ерда болаларга таълим олишнинг барча сир-асрорларини ўрганиб, Ўзбекистонга қайтиб, бу ерда касбий фаолиятимни давом эттиришни режалаштирганман. Болалар учун инглиз тилида мактаб очиб, уларнинг чет тилларига бўлган қизиқиши ва иштиёқини янада оширишни хоҳлайман. Шу билан биргаликда Англия ва Америка адабиётини чуқур ўрганиб, шу соҳа бўйича докторлик диссертациясини ёқлаш ҳам режамда бор. Келажакда малакали ва иқтидорли кадрлар етишиб чиқишида ўз билимим ва меҳнатларимдан тўлақонли фойдаланиш ва юртимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.”