Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олег Малгинов билан учрашди.
Учрашувда икки мамлакатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги мустаҳкамланаётганлиги ижобий баҳоланди. Хусусан, биргаликда амалга оширилаётган "Класс!" лойиҳаси орқали рус тилини ўқитиш методикаси қайта кўриб чиқилаётгани, янги дарсликлар ва рус тили ўқитувчиларини сертификациялаш ўзига хос ижобий натижалар бераётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. 2020 йилдан буён амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида қатор россиялик мутахассислар мамлакатимизга келиб, маҳаллий ўқитувчиларга ўқитувчилик маҳоратини ошириш ва болаларга рус тилини ўргатаётгани ҳамда бу каби дастурлар бугунги кунда жуда аҳамиятли эканлигини ва ўқитувчиларга, айниқса, вилоятлар ва олис туманларидаги ўзбек мактабларида рус тилини ўқитишни яхшилашга ёрдам бериши қайд этилди.
Шунингдек халқ таълими вазири томонидан Россияда вақтинча ишлаётган ўзбекистонликларнинг фарзандларини Россия мактабларида таълим олишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини ва ушбу масалада мактаб ёшидаги болаларни таълимга қамраб олинмай қолишини олдини олишга биргаликда ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан биргаликда, мактаб битирувчиларга имкониятларни кенгайтириш мақсадида Россиянинг Олий таълим муассасаларида таълим олиш учун квоталар сонини ошириш ва бунда ўқитувчилар учун ҳам алоҳида квоталар ажратиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокаралар сўнгида РФнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олег Малгинов Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовни октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Россия таълим ярмаркасига меҳмон сифатида таклиф қилди.