Бугун, 14 сентябрь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Рустем Реимовлар бошчилигида ZOOM платформаси орқали йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вазирликнинг ходимлари, туман(шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб директорлари иштирок этди. Маълумки, 2019-2020 ўқув йилининг III чорагидан бошлаб, умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режалар тажриба-синовдан ўтказилди. Вариатив ўқув режаларини жорий қилишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзлари қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, жорий йили Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактабининг вариатив синф битирувчилари 100 фоиз олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Шерзод Шерматов йиғилишда ушбу яхши натижа кўрсатган мактаб директорлари ва уларнинг ўқитувчилари билан суҳбатлашди ҳамда уларнинг ушбу муваффақиятга эришишда нималарга эътибор бергани билан қизиқди.
Бундан ташқари учрашув давомида битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи паст бўлган мактабларга ўз тавсияларини берди.