ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎҚИТИШ БЎЙИЧА ЭНГ ЯХШИ МАКТАБЛАР ПРЕЗИДЕНТ СОВРИНИ БИЛАН МУКОФОТЛАНАДИ

11 сентябрь 2021 йил
image

Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови ҳар йили инглиз, немис, француз тиллари (хорижий тиллар) ўқитиладиган мактаблар ўртасида ўтказилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган мактаб ҳар йили 20 сентябргача Халқ таълими вазирлиги ахборот тизимида мактаб терма жамоасини рўйхатдан ўтказади.

Шунга кўра, рўйхатдан ўтган мактаб ҳар йили 20 октябргача ахборот тизимига хорижий тилларни ўқитиш бўйича белгиланган асосий кўрсаткичларини киритади.

Танловда ҳар бир мактабдан битта тил бўйича битта терма жамоа иштирок этиши мумкин. Терма жамоа 7-9-синфларда ўқийдиган 5 нафар ўқувчидан ташкил топади. 

Танлов 3 босқичда қуйидаги муддатларда ўтказилади: 

1-босқич (туман босқичи) – ҳар йили февраль ойида. Бунда иштирокчиларнинг хорижий тилларни билиш даражаси тест топшириқлари воситасида синовдан ўтказилади.

2-босқич (вилоят босқичи) – ҳар йили апрель ойида. Ушбу босқичда иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), ўқиш (reading) ва лексик-грамматик кўникмалари баҳоланади.

3-босқич (республика босқичи) – ҳар йили август ойида. Мазкур босқичда иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), гапириш (speaking) ва ўқиш (reading) кўникмалари чет тилини билишнинг халқаро сертификацияланган стандартлари асосида синовдан ўтказилади ҳамда тегишли тил она тили сифатида фойдаланиладиган мамлакатлар ҳақидаги билими текширилади.

Республика босқичида 1-ўринни кўлга киритган мактаб Президент соврини соҳиби сифатида эълон қилинади.

Танлов ғолиблари қуйидаги миқдорларда Президент соврини билан мукофотланади:

Туман (шаҳар) босқичида:

1-ўрин – 100 миллион сўм;

2-ўрин – 75 миллион сўм;

3-ўрин – 50 миллион сўм.

 Вилоят босқичида:

1-ўрин – 250 миллион сўм;

2-ўрин – 200 миллион сўм;

3-ўрин – 150 миллион сўм.

✅ Республика босқичида:

1-ўрин – 500 миллион сўм; 

2-ўрин – 400 миллион сўм; 

3-ўрин – 300 миллион сўм.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu