6-11 февраль кунлари нуфузли халқаро олимпиадаларда қатнашадиган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини саралашнинг II босқичи ўтказилади.
Саралаш босқичи 6 февраль куни информатика ва ахборот технологиялари, 9 февраль куни биология ва кимё, 11 февраль куни эса математика ва физика фанларидан битта турда А.Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институтида ўтказилади.
Саралаш олимпиадаси топшириқларини бажариш учун: математика, кимё, биология, физика фанларига 4 соат, информатика ва ахборот технологиялари фанига 5 соат вақт ажратилади;
Математика, физика, кимё, биология фанларидан юқоридаги квоталар асосида сўнги ўринга (мос равишда 18, 15, 12, 12-ўринлар) даъвогар бир нечта иштирокчиларнинг тўплаган баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, берилган топшириқларнинг юқори балл берадиган топшириқ бўйича кўп балл тўплаган ўқувчи устунликка эга бўлади;
Ҳар бир топшириқ бўйича ҳам баллар тенг бўлган тақдирда ўқувчиларга ҳакамлар ҳайъати томонидан қўшимча 3 та очиқ тест (жавоби ёзиладиган) берилади ва ғолиб аниқланади.
Информатика ва ахборот технологиялари фанидан 12-ўриндаги бир неча иштирокчиларнинг тўплаган баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, ҳакамлар ҳайъати томонидан шу ўқувчиларнинг масала ишлашга сарфлаган жарима вақтлари тизимда текширилади ҳамда кам жарима олган ўқувчи устунликка эга бўлади.