Бир гуруҳ педагоглар “Халқ таълими фидойиси” ва “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди

21 декабрь 2024 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан пойтахтимизда жойлашган Симпозиумлар саройида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан “Йил сарҳисоби” тақдирлаш маросими ўтказилди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимлари, умумтаълим ва мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ҳамда педагоглар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, айни вақтда тизимдаги мавжуд 10 мингдан ортиқ мактаб ва 38 мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилотларида 700 минг нафарга яқин педагоглар 8,7 млн нафарга яқин тарбияланувчи ва ўқувчиларга таълим ва тарбия бериб келмоқда.

 Жорий йилда 4 644 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши натижасида болалаларни мактабгача таълимга қамров даражаси 76,0 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов қамрови 96 фоизга етказилди.

Янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар сони 1 500 тага (2023-йил – 500 та) етказилди. Бунда ўтган йилги баҳолашда иштирок этган 500 та мактаб ичида жараёнларни самарали йўлга қўйган мактаб жамоаларига 40 фоизгача устама тўлаб келинмоқда. Ўтган ўқув йилида ўқувчиларнинг ўртача ўзлаштириш даражаси 6 фоизга ошган.

Хусусан, жорий ўқув йилининг биринчи чорак натижаларини ўтган ўқув йилининг худди шу даври билан солиштирилганда, ўқувчиларнинг билим олиш даражаси 4 фоизга ошганлигини кўрсатмоқда.

Яна бир муҳим жараён сифатида малака тоифаларини бериш тизими мутлақо янги тартибда амалга оширилди. Шуниндек, 1 000 нафар амалдаги директор ва 1 600 нафар номзод “Менежерлик ўқув курси”да ўқитилиб, 1 800 нафарига сертификат берилди. 

 Тадбир давомида жорий йилда алоҳида аҳамиятли ютуқларга эришган бир гуруҳ умумтаълим, мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва педагоглари “Халқ таълими фидойиси” ва “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Тадбир сўнггида “Турон” театри ёш ижодкорлари ижросида Абдулла Авлоний қаламига мансуб “Адвокатлик осонми” спектакли ҳамда маданий дастурлар ҳам намойиш этилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu