“PISA 2025” тадқиқотига ўн минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик ўқувчилар қамраб олинади

5 ноябрь 2024 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, педагоглар иштирокидаги малака синовлари, жорий йилги фан олимпиадаларини сифатли ўтказиш, “PISA 2025” тадқиқотининг асосий синов жараёнларига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, ҳудудларда мактабгача таълим билан қамров даражасини кўтариш, бунда педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва боғчаларда илғор методикаларни жорий этиш бўйича қатор ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Қайд этилганидек, йил якунига қадар мактабгача таълим қамровини 76 фоизга етказиш белгиланган бўлиб, бу борада жойларда зарур ишлар йўлга қўйилган.

Йиғилишда ҳар бир туман ва шаҳарларда 1 тадан танлаб олинган таянч боғчаларда “Методик маҳорат куни” ва барча боғчаларда “Методик маҳорат соати”ни намунали ташкил этиш, боғча директорлари ва методистлари малакасини ошириш бўйича масъул ходимларга керакли топшириқлар берилди.

Йиғилишда жорий йилнинг 29 октябридан бошлаб педагоглар иштирокида ўтказилаётган навбатдаги аттестация жараёнлари хусусида ҳам сўз борди. Хусусан, синовларни шаффоф ва адолатли ташкил этиш, педагогларни ушбу синовларда тўлиқ иштирок этишини таъминлаш бўйича зарур ишлар белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, жорий йилги фан олимпиадаларининг мактаб босқичи 16-30 сентябрь кунлари, туман (шаҳар) босқичи эса 21-25 октябрь кунлари ўтказилди. Мактаб босқичида 1,2 млн нафардан ортиқ, туман (шаҳар) босқичида 456 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди.

Жорий йилнинг 25 ноябридан 4 декабрига қадар ушбу олимпиадаларнинг учинчи, ҳудудий босқичлари ўтказилади. Унда фан олимпиадаларининг II босқичида 1-3 ўринларни эгаллаган ўқувчилар, шунингдек, Президент, ижод ва таянч ихтисослаштирилган мактаблар, академик лицей ўқувчилари ҳамда ўтган ўқув йилида фан олимпиадаларининг III босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчилар иштирок этади.

Йиғилишда мазкур жараёнларни адолатли ва шаффоф ўтказиш, иштирокчилар учун зарур шароитларни яратиш бўйича ҳудудий масъулларга кўрсатмалар берилди.

Навбатдаги масала сифатида, “PISA 2025” тадқиқотининг асосий синов жараёнларига тайёргарлик кўриш, бунда мактаблар ва ўқувчиларга оид маълумотларни тезкор шакллантириш бўйича навбатдаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Айтиб ўтилганидек, бугунги кунга қадар сунъий интеллектга асосланган рақамли таълим платформаси (Cerebry) учун баҳолаш материаллари ўзбек ва рус тилларида тайёрланиб, мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилди.

“PISA 2025” тадқиқотида жами 250 та (Тошкент шаҳрида 50 тадан ортиқ) мактаб ва 10 500 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этиши кутилмоқда. Тадқиқотда 15 ёшли ўқувчилар табиий-илмий саводхонлик, ўқиш саводхонлиги, математик саводхонлик, рақамли дунёда ўрганиш (LDW) йўналишлари бўйича синовдан ўтказилади.

Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu