Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида хусусий таълим соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.
Тадбир аввалида иштирокчилар янги очилган институтда педагогларнинг сифатли малака оширишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Учрашувда таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирилиб, ушбу масканда хусусий сектор педагогларининг малака оширишлари учун ҳам барча зарур имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда хусусий мактаблар сони 553 тага, хусусий мактабгача таълим ташкилотлари сони 2 700 тага етди. 2030-йилга қадар хусусий мактаблар сонини 1 000 тага етказган ҳолда, уларда таҳсил оладиган ўқувчилар улушини 3 баробарга ошириш режалаштирилган.
Мулоқот давомида нодавлат таълим соҳасини янада ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.