“Жадидлар изидан” Республика танловида иштирок этиш учун 370 мингга яқин ариза келиб тушди

29 октябрь 2024 йил
image

Бугун Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Жадидлар изидан” Республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, вазирлик масъул ходимлари, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ёшлар ишлари агентлиги “Мутолаа” лойиҳаси вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг октябрь-декабрь ойларида ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш кўникмаларини янада шакллантириш, уларга аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали китобхонликка жалб этиш мақсадида “Жадидлар изидан” Республика танлови ташкил этилмоқда.

Илк бор ўтказилаётган мазкур танловда иштирокчи ўқувчилар jadidlarizidan.uz платформаси орқали онлайн рўйхатдан ўтиш орқали иштирок этишмоқда. Танловда иштирок этиш учун 364 906 та (219 868 таси 6-8-синф, 136 944 таси 9-10-синф ўқувчиси, 8 094 таси нодавлат таълим муассасалари ўқувчиси) ариза келиб тушган.

Танловни самарали ташкил этиш ҳамда ўқувчилар онгида миллий ғурурни шакллантириш мақсадида 10 118 та умумтаълим мактабида “Жадидлар изидан” клублари ташкил этиш режалаштирилган. Айни вақтда тажриба-синов тариқасида дастлаб 208 та туман (шаҳарда) 1 тадан ушбу клублар ташкил этилди.

Танлов 6-8-синф ҳамда 9-10-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилиб, туман (шаҳар) босқичи шу йилнинг 31 октябр куни барча ҳудудларда бир вақтда ўтказилиши режалаштирилган. Иштирокчилар мазкур босқичда 2 та шарт (тест ва савол-жавоб) асосида беллашишади.

Ҳар икки йўналиш бўйича туман (шаҳар) босқичларида ғолиб, деб топилган 416 нафар ўқувчи танловнинг ҳудудий босқичида иштирок этади.

Танловнинг ҳудудий босқичи жорий йил 12-23 ноябрь кунлари, Республика босқичи декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Танловнинг республика босқичи якунларига кўра, ҳар бир синф тоифаси бўйича энг юқори балл тўплаган 7 нафардан (I, II, III ўрин ғолиблари ҳамда энг юқори балл тўплаган 4 нафар) жами 14 нафар иштирокчи хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.

Тадбир давомида журналистларнинг мавзуга доир саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu