Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида тизимда коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, навбатдаги аттестация ҳамда “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи: узлуксиз касбий ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш жаранёларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, тизимда коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш мақсадида ҳозирга қадар 6 та таълим хизматлари электрон платформаси яратилганлигини қайд этди.
Таъкидланганидек, тизимда фаолият юритаётган 207 минг нафардан ортиқ ходим «Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш» мавзусида ўқитилиб, малакаси оширилди. Ушбу йўналишдаги самарали ишлар натижасида вазирликнинг 2023 йилги коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги рейтинг баҳолаш тизимида 82 балл билан баҳоланди ҳамда «яшил» ҳудудга киритилди.
Тадбирда соҳа ходимлари ўртасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабат бўлиш, коррупциявий ҳолатларни олдини олиш борасидаги тарғибот ишларини янада кучайтириш бўйича масъул ходимларга зарур топшириқлар берилди.
Йиғилишда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, вазирлик тизимида давлат муассасаси шаклида ташкил этилаётган Фан олимпиадалари марказининг ташкилий масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, халқаро ва маҳаллий фан олимпиадалари натижаларининг доимий статистикасини юритиш, олимпиадалар иштирокчиларининг маълумотлар базасини шакллантириб борадиган электрон платформа ҳамда буюк алломалар номи билан ўтказиладиган халқаро фан олимпиадалари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштириладиган махсус сайт ишга туширилади.
Муҳокамалар давомида 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган Буюк Шарқ Ренессанси халқаро олимпиадаси, 2026 йилги 38-халқаро информатика (IOI) ва 58-халқаро кимё олимпиадасини (ICHO) ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ва келгусида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим масалалар тилга олиб ўтилди.
Йиғилишда жорий йилнинг 29 октябридан бошлаб педагогларни навбатдаги аттестациядан ўтказиш жараёнларига ҳам тўхталиниб, бунда 150 мингга яқин номзод иштирок этиши кутилаётганлиги қайд этилди.
Малака синов имтиҳонларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда иштирокчи педагоглар учун зарур шароитларни яратиш бўйича вазирлик ҳамда ҳудудий бўлинмалар масъулларига тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Тадбирда жорий йилнинг 14-17 ноябрь кунлари Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтининг 90 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи: узлуксиз касбий ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга тайёргарлик ишлари кенг муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, ушбу тадбирда нуфузли халқаро ташкилот раҳбари, ПИСА дастури асосчиси (OECD) Андреас Шляйхернинг иштироки кутилмоқда. Конференция ўз ичига 1 200 нафар (200 нафар оффлайн, 1 000 нафари онлайн ҳудудлардан) иштирокчини қамраб олади.
Ушбу халқаро конференцияни юқори савияда ташкил этиш, илмий-амалий аҳамиятга эга маърузалар, мақола ва тезислар йиғиш ҳамда конференция материаллари тўпламида нашр этиш, таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари, тизим ходимлари, хорижий ҳамкорлар, халқаро экспертлар иштирокини таъминлаш бўйича муҳим ишлар белгилаб олинди.
Йиғилишда жорий йилнинг 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига ўтказиладиган сайлов жараёнларини ташкил этишда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар бўйича ҳам фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, ушбу сиёсий жараёнга жорий йилда 18 ёшга тўлиб, илк бор овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 8 267 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этади.
Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.